Бугун олий таълим муассасаларида ҳужжатлар қабул қилишнинг сўнгги ҳафтаси бошланди. Ҳафта якунида, яъни 15 июль – якшанба куни қабул комиссияларининг охирги иш куни ҳисобланади.

Жорий йилда қабул жараёнларидан кўпчиликнинг умиди катта. Ўтказилган сўровномаларда ҳам аввалги йилларга қараганда биринчи марта тест синовлари адолатли ўтишига ишонганлар сони нисбатан кўпроқни ташкил қилмоқда. Бу қувонарли ҳол, албатта. Энди барчаси ижрочиларга боғлиқ. Халқнинг умиди ва ишончини, Президентнинг ташаббусини бор қиладиган ҳам, йўқ қиладиган ҳам қуйи бўғиндаги ижрочилардир. Ҳозирча тест ўтадиган павильонларни тайёрлаш, тест жараёнидаги кузатув ва қаттиққўлликлар бўйича қилинаётган ташкилий жараёнлар шахсан мени тўлақонли қаноатлантирмоқда.Менимча, бу йил қизиқ бўлади. Интиқлик билан кутяпмиз.

Лекин шу ўринда айрим камчиликлар ҳақида ҳам айтмасак бўлмайди. Бундай танқидлардан шахсий манфаатимиз йўқ, бор-йўқ мақсадимиз кириш имтиҳонлари жараёнидаги айрим қонунбузилиш ва ортиқча овогарчилик ҳолатларига барҳам беришда кўмаклашиш холос.

Аслида айтиладиган гап кўп, лекин ушбу мақолада фақат айримларига тўхталмоқчиман.

086-У ШАКЛ БЎЙИЧА ТИББИЙ МАЪЛУМОТНОМА КЕРАКМИ?

Аввалги йилларда ҳам бу масала ҳақида фикр юритган эдим. Яъни барча абитуриентлардан сўраладиган 086-Ушакл бўйича тиббий маълумотнома нимага керак? Ушбу ҳужжатсиз ҳам қабул жараёнларини ташкил қилиб бўлмайдими? Бунга нима халақит беради?

Сабаби кўпчилигимиз яхши биламиз, тиббиёт муассасаларидан бундай маълумотномани олиш яхшигина азоб. Тасаввур қилинг, жорий йилда 800 мингга яқин абитуриент ҳужжат топширади, бу дегани 800 минг инсон қисқа вақт ичида тиббий кўрикдан ўтишга мажбур дегани. Ҳали биз абитуриент бўлмаган яна юз минглаб инсонларни қўшмаяпмиз.

Навбат кутиш, хонама-хона юриш, асаббузарлик ва бошқа ортиқча қоғозбозликлар шубҳасиз коррупция томон етаклайди. Чунки тест синовларига тайёрланиб юрган абитуриент учун ҳар бир дақиқа тиллога тенг. Шу тиллони 10-15 минг сўмга алмаштиришга ҳар қандай инсон жон дейди.«Соғлиғингиз ўзингиз учун керак», «Бу сиз учун фойда» деган қуруқ гаплар уларнинг қулоғига кирмаслиги аниқ.