11 сентябр куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясида прокурор М.Ҳайитов хоразмлик имом Ҳикматулла Юсупов ҳеч қандай жиноят иши доирасида айбли эмаслигини таъкидлади. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси имом Ҳикматулла қори Юсупов иши бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий судига протест келтириб, маҳкумнинг турмуш ўртоғи М.Раҳматуллаеванинг мурожаатини қаноатлантирганди. Шундан сўнг жорий йилнинг 14 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди мазкур ишни келтирилган протестга кўра қайта кўриб чиқиши маълум бўлди.Бироқ ўша куни «маърузачи судья Мўминов хизмат сафарига кетган»и сабабидан суд иши номаълум муддатга қолдирилди. Орадан икки кун ўтиши билан Олий суд Ҳикматулла қори Юсуповга нисбатан бўлган жиноят ишини назорат босқичида кўриб чиқди. 

Судда иштирок этган прокурор Бош прокуратура протестини қувватлаб, суд Ҳикматулла Юсуповга нисбатан айблов ҳукми чиқаришда ЖПКнинг 22,463-моддалари талабларига риоя қилмаганлиги, уни айблаш тергов ҳибсхонасида берган айрим судланувчиларнинг кўрсатувлари асос қилиб олингани ҳамда жиноят ишида Юсуповнинг айбини тасдиқловчи бошқа бирор бир далил мавжуд эмаслиги ва бошқа важларга кўра ажримни бекор қилиб, ишни янгидан кўриб чиқиш учун кассация инстанциясига юборишни сўраганди.

Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати протестни қаноатлантириб, кассация босқичида имом Ҳикматулла Юсуповнинг иштироки албатта таъминланган ҳолда кўрилишини маълум қилиб, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 14.02.2017 йилдаги ажримини бекор қилди

11 сентябр куни жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясида раислик этувчи Б.Алимов, судьялар З.Нурматов ва И.Тургуновалардан иборат таркибда​ кўриб чиқилди. Унда прокурор М.Ҳайитов​ фикри тингланди. Ундан сўнг, адвокатлар Абдумалик Абдуллаев ва Хуршед Рустамов прокурорни қўллаб-қувватлаб, Юсуповнинг содир этилган жиноятларга алоқадор эмаслигини таъкидлади. Юсупов кассация инстанциясида шахсан иштирок этиб, прокурор ва адвокатларнинг фикрларига муносабат билдирди. 

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ассалому алайкум, ҳурматли судья, прокурор ва суд иштирокчилари! Узоқдан ташриф буюриб, адолат тантана қилишини кутаётган қариндош, дўстлар, барчангизга ташаккур. Одил ва оқилона сиёсат юритаётган Юртбоши билан сийлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен айтилаётган жиноятларга алоқадор эмасман, буни аввал ҳам айтганман, яна такрорлайман. Прокуратура ходимлари ишни синчковлик билан ўрганиб чиқиб, хулосани ўқиб эшиттирди. Мен прокурор ва адвокатларнинг сўзларини тингладим, уларни қўллаб-қувватлайман», дейди Юсупов.