Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ Жасур Алимович Арипов янги ташкил этилган Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Урбанизация агентлигига раҳбар этиб тайинланди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар бермоқда.
У Иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари ҳам ҳисобланади.
Жасур Арипов 2018 йилнинг февралида Давлат божхона қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари сифатида тайинланганди. У қўмитада Божхона назоратини ташкил этиш бош бошқармаси, Божхона текширувлари ва суриштирувлари бошқармаси ва Ҳуқуқий бошқармалар фаолиятини назорат қилиб келаётганди.
Арипов илгари Мажбурий ижро бюроси директорининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, 11 январь куни Ўзбекистон президентининг «Иқтисодий ривожланиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Иқтисодиёт вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги этиб қайта ташкил этилди.
Шу куни президентнинг «Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Урбанизация агентлиги ташкил этилганди. Урбанизацияни тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш агентликнинг асосий вазифаси этиб белгиланди.
Йирик шаҳарларга туташ аҳоли пунктлари инвентаризациядан ўтказилади ҳамда амалга оширилган ишлар натижаларига кўра 2019 йил 1 ноябргача ўрта муддатли даврда йўлдош-шаҳарларга айлантириладиган аҳоли пунктлари рўйхати шакллантирилади.
Иқтисодиёт вазири Ботир Асадиллаевич Хўжаев янги ташкил этилган Иқтисодиёт ва саноат вазири лавозимига тайинланди.





















