Ўзбекистон | 08:00 / 03.03.2019
45949
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» самолёти Пулково аэропортида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетди

2 март оқшомда Тошкентдан Санкт-Петербургга учиб келган йўловчи самолёти қўнишни амалга оширгандан кейин учиш-қўниш йўлагидан ташқарига чиқиб кетди. Бу ҳақда Пулково аэропортини бошқарувчи компания матбуот хизмати маълум қилди.  

Гап “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг Тошкентдан рейс амалга оширган Boeing 767 самолёти ҳақида бормоқда. Маълум қилинишича, самолёт маҳаллий вақт билан соат 21:59да қўнган, бироқ руллаш вақтида йўлакдан чиқиб кетган.

Аэропорт хизматлари дарҳол воқеа жойига етиб келиб, йўловчиларни самолётдан тезкорлик билан туширишган ва автобусларда терминалга етказишган. Жабрланганлар йўқ.

Бошқарувчи компанияда самолёт турар жойгача шатакда олиб борилиши маълум қилинган. Аэропорт одатдаги тартибда ишлаётгани, учиш-қўниш иккинчи йўлакдан амалга оширилаётгани айтилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, воқеа ёмон об-ҳаво шароити сабабли юз берган. Полиция воқеа юзасидан тергов олиб бормоқда. 

Санкт-Петербургнинг “Фонтанка” нашрининг маълум қилишича, 2 март куни шаҳарга ёпирилган бўрон ва кучли шамол сабабли шаҳарга учиб келаётган баъзи самолётлар қўнишга рухсат берилишини пойлаб шаҳар узра учиб юрган, баъзилари эса захира аэродромларга кетишга мажбур бўлган. 

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги сиёсий можаролар туфайли ҳаво йўллари ёпилганлиги сабаб 1 мартдаги Лоҳур-Тошкент қатновини бекор қилганди. Шу сабабли Покистон устидан ўтувчи баъзи йўналишларда муаммолар кузатилиши мумкин.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид