Ўзбекистон | 14:31 / 05.03.2019
17483
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комиловнинг «Толибон» ҳаракати раҳбарияти билан учрашуви бўйича қўшимча маълумот берилди 

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Доҳада якшанба куни «Толибон» ҳаракати делегацияси раҳбари Барадар Охунд билан учрашгани хабар берилганди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий хабарида айтилишича, Мулла Барадар Охунд Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистондаги тинчлик жараёнига кўмаклашишга қаратилган сиёсатини юқори баҳолаган. 

Мулла Барадар Охунд
Фото: Tolo News

У ўтган йилнинг март ойида ўтказилган ҳамда афғон можаросини тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларнинг фаоллашишига кучли туртки берган Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси аҳамияти ва якунларини ҳам алоҳида таъкидлади, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, «Толибон» ҳаракати раҳбарияти вакили транспорт, энергетика ва таълим соҳаларидаги муҳим иқтисодий лойиҳаларни Афғонистонда амалга ошириш бўйича Ўзбекистон ташаббусларини ижобий баҳолади. 

Унинг алоҳида қайд этишича, Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган йирик инфратузилма лойиҳалари нафақат Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишига, балки мамлакатда тўлақонли сиёсий жараён бошланиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга хизмат қилади. Натижада Афғонистон келажакда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида «ишонч ва ҳамкорлик кўприги» бўлиши мумкин.

Мулла Барадар Охунд Афғонистонда тинчлик жараёнини янада тараққий эттириш борасида Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини маълум қилди, дейилади ТИВ хабарида.

Мавзуга оид