Болалигимда укам онамнинг гапига кирмаса, «ана, дўхтир келяпти, укол қилиб кетади»​, «ҳозир ухламасанг олабўжи келиб, сени еб кетади»​ қабилида иборалар ишлатишини кўп эшитардим. 

Ушбу ҳолат ўзбекча «тарбия»​нинг анъанавий, синалган ва таъсирчан усулларидан бири ҳисобланади. «Биз ҳаммамиз қўрқув остида тарбияланганмиз. Хўш, бунинг нимаси ёмон? Фарзанд ота-онасидан ҳайиқиб турса, қинғир йўлларга кирмайди, унда катталарга ҳурмат ҳисси шаклланади»​, дея фикрловчилар, шу ғояга ишонувчилар ҳам бор.

Жамиятда тарбия ва таълим уйғун тарзда олиб борилади. Унинг узилмас, бир-бирига боғлиқ занжир сифатида талқин этилиши тарихи узоқ йиллар давомида шаклланган қадриятларга бориб тақалади. Камчилик ва хатолар эса «шарқона тарбия» догмаси ортига моҳирона яшириб келинмоқда. Афсуски, бугунги кунга келиб, бутун жамият қўрқув касаллигига дучор бўлганини тан олишга мажбурмиз. Нима учун бундай хулосага келганимни турли мулоҳазалар орқали кенгроқ тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Таълимдаги оғриқли нуқталар

Боғча. Боланинг атрофни англаш борасидаги қарашлари шу даргоҳда мустаҳкамланади. Нима деб ўйлайсиз: бу ерда миттивойларнинг шахс бўлиб вояга етиши учун барча шароитлар яратилганми? Тарбиячилар етук шахсни етиштиришга тайёрми? Саволларни бежиз бермаяпман. ОАВ орқали МТМ ходими болаларни уриб, пўписа қилгани ҳақида тез-тез эшитяпмиз, ўқияпмиз. Хўш, соф тарбия қандай бўлиши керак? Боғчадаёқ болалаларга қўрқув уруғини экиш қанчалик фойда келтиради? Мақсад итоаткорликни юзага келтиришми?

Мактабда ҳам қўрқитиш механизми қаттиқ ишлайди, десак хато бўлмайди. Дарс қилиб келмаган ўқувчининг «чиройли сўзлар» билан сийланиши оддий мисол бўла олади. Баъзи устозлар жазони бутун синф олдида қўллашни энг мақбул йўл деб билишади. Гўёки «иккичи»​ни тартибга келтириш бошқа ўқувчиларга огоҳлантириш бўлиб янграйди. Айрим ўқитувчилар жисмоний оғриқ етказишни самарали усул деб қарашади