12:03 / 06.04.2019
15443

Роғун ГЭС иккинчи турбинасини ишга тушириш кечиктирилди - ОАВ

Фото: president.tj

«Азия Плюс»нинг Тожикистон ҳукуматидаги манбаси Роғун ГЭС иккинчи гидроагрегати 2019 йил апрель ойида, режалаштирилган санада ишга туширилмаслигини маълум қилди.

Роғун ГЭС иккинчи турбинасини ишга тушириш муддати кечиктирилганини «Ахбор» сайтининг Энергетика вазирлиги ва «Барки тожик» компаниясидаги манбалари ҳам тасдиқлади. Ушбу янгилик Тожикистоннинг аксар ҳудудларида аҳоли ҳамда корхоналарни электр энергияси билан таъминлашда чекловлар жорий этилганига бир ой бўлгани фонида тарқалди. Қайд этилишича, бу лимит Роғун ГЭС қурилишида юзага келган муаммолар билан боғлиқ. Расмийлар бу миш-мишларни ҳали изоҳламади.

«Бу шу ойда аниқ юз бермайди, агрегатни ишга тушириш бўйича аниқ муддат кейинроқ эълон қилинади», - деган «Азия Плюс»нинг ҳукуматдаги манбаси.

«Азия Плюс»нинг ёзишича, масъул идоралар Роғун ГЭС иккинчи турбинасини ишга тушириш муддати кечиктирилганлиги ҳақидаги маълумотни изоҳламаяпти. Шунингдек, расмийлар Тожикистон учун муҳим бўлган ГЭСнинг иккинчи гидроагрегатини ишга тушириш маросими қачон ўтказилиши бўйича хабар бермади.

Шу билан бирга, «Ахбор» сайтининг «Барки Тожик» компаниясидаги манбаси хабарига кўра, агар бошқа жиддий тўсиқлар бўлмаса, Роғун ГЭС иккинчи гидроагрегати май ойининг иккинчи ярми ёки июнь ойида ишга туширилади.

Бундан олдин, Роғун ГЭС тўғонини қуриш апрелдан давом эттирилиши хабар берилганди.

2018 йил ноябрь ойи ўрталаригача Роғун ГЭС тўғони баландлиги 75 метрдан ошди. Сув омборидаги сув миқдори 214 миллион кубометрни ташкил этди. Кўтарма қурилишининг давоми жорий йил апрел ойида бошланиши кутилганди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 16 ноябрида Роғун ГЭСда гидро электр станция биринчи агрегатининг тантанали равишда ишга туширилиши бўлиб ўтди. Ўша кундан бери ва 2018 йил охиригача гидро станция томонидан 90,3 млн. кВт/с электр энергия ишлаб чиқарилди.

Top