Наманган вилояти Косонсой туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари М.Исомиддинов туман ҳудудидаги анҳор бўйидаги ҳашар ишларига тумандаги мактаблар ходимларини жалб этишга кўрсатма бергани тасдиқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси ўтказган текширув хулосасида келтирилади.

«Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўтказилган текширув натижаларига кўра Наманган вилояти, Косонсой туманида жойлашган 54та мактаб ўқитувчилари Косонсой тумани Намуна қишлоғи яқинидаги анҳор бўйида олиб борилган қурилиш-ободонлаштириш ишларига жалб қилиниб, тегишли тартибда ишлаш учун ҳар бир мактаб ўқитувчиларига 10 метрдан ҳудуд бўлиб берилганлиги ҳамда мазкур ишларга мажбурий равишда жалб қилинганлиги ҳолатлари аниқланди.

Шунга мувофиқ, Наманган вилояти, Косонсой туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари М.Исомиддиновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилиги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 349-сонли қарори талабларига зид равишда мактаб ходимларини қурилиш ишларига жалб қилганлиги юзасидан маъмурий баённома тузилди ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 51-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди», дейилади Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси маълумотида.

Косонсойда ўқитувчилар бетон қуйишга олиб чиқилгани тўғрисидаги «Наманганда ўқитувчилар бетон қуйишди. Ҳар бир мактаб учун алоҳида жой ажратилган» сарлавҳали мақола Kun.uz сайтида 2 июль куни эълон қилинганди.

3 июль куни эса 2019 йил январидан буён туманга ҳокимлик қилиб келаётган Баҳодир Турсунович Юсупов (у 2009-2015 йилларда Наманган вилояти ҳокими, 2018-2019 йилларда Қишлоқ хўжалиги вазири бўлган) ижтимоий тармоқ орқали чиқишида бу маълумотга раддия берган ва мақолани ишончли манбаларга асосланмаган деб баҳолаганди.

«Айтишим керакки, барча севиб ўқийдиган, энг ишончли маълумотлар бериладиган Kun.uz сайтида Косонсойдаги бирорта ижобий иш ёритилмаган.