Россиянинг Екатеринбург шаҳри мезбонлик қилаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг тўққизинчи кунида Ўзбекистон бокс терма жамоасининг яна икки вакили чорак финалга чиқди.

Ўзбекисон шарафини -57 кг вазн тоифасида ҳимоя қилаётган Миразиз Мирзахалилов 1/8 финалда марокашлик Муҳаммад Ҳамутга қарши баҳс олиб борди.

Рақибига қараганда кучли ва аниқ зарбалар йўллай олган Мирзахалилов ушбу беллашувни ўз фойдасига ҳал қилди (4:1) ва чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. У кейинги босқичда Кайрат Ералиев (Қозоғистон) ва Бутди Чатчаи (Таиланд) жуфтлиги ғолиби билан тўқнаш келади.

Шунингдек, -69 килограмм вазн тоифасида Бобоусмон Батуров америкалик Деланте Жонсонга қарши баҳс олиб борди. 3 раунд якунига кўра Бобоусмон Батуров мусобақани давом эттирадиган бўлди (5:0). Энди у чорак финалда Баярху Ганбатар (Мўғилистон) ва Зияд Эйшаш (Иордания) жуфтлиги ғолиби билан куч синашади.

Бунгача Ўзбекистон бокс терма жамоасининг -52 кг вазн тоифасидаги вакили Шаҳобиддин Зоиров қирғизистонлик Азат Усеналиевни енгиб, чорак финал йўлланмасини қўлга киритганди.

Терма жамоанинг уч вакили эса турнирдаги иштирокини эрта якунлади. Бироз олдинроқ, -91 кг вазн тоифасидаги Санжар Турсунов ҳиндистонлик Санжит Санжитга ютқазиб, турнирдаги иштирокини якунлади