Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбирларига тахминан 150 минг ходим жалб қилинади
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, аҳолини рўйхатга олиш ишларига сарфланадиган маблағ миқдори аҳоли жон бошига ўртача 3 АҚШ долларидан тўғри келиши мумкин.
2022 йилда бутун республика бўйлаб ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларига тахминан 150 минг нафар ходим жалб этилади. Бу ҳақида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат статистика қўмитаси ходимлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

«2022 йилда амалга ошириладиган мазкур тадбирда дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 150 минг нафар ходим жалб қилиниши кўзда тутилган. Улар айнан ўқитувчилар ёки врачлар бўлиши каби режалар йўқ. Ҳудудлардаги комиссияларга кўнгилли тарзда мурожаат қилган турли соҳа вакиллари ўқитилиб, шартнома асосида мазкур тадбирларга жалб қилинади.
Рўйхатга олиш тадбирларига қатнашадиган ходимларга қанча маош берилиши масаласи ҳали тўлиқ ҳал қилинмаган, лекин тахминий ҳисоб-китоблар аҳолини рўйхатга олиш тадбирларида аҳоли жон бошига тахминан 3 доллардан харажат тўғри келишини кўрсатмоқда», - дея Давлат статистика қўмитаси Демография ва меҳнат статистикаси бошқармаси бошлиғи Қобилжон Бердиқуловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат статистика қўмитаси раисининг ўринбосари Агзам Икрамовнинг қўшимча қилишича эса, рўйхатга олиш тадбирларида ҳар бир хонадонга бориб одамларни савол-жавоб қилиш жуда мушкул жараён. Чунки ҳамма хонадон ҳам буни тўғри қабул қилмаслиги мумкин.

«Шунинг учун бу тадбирларга кўпроқ ўша маҳалла ва оила ҳақида маълумотга эга бўлган, ўша ҳудудда яшовчи одамлар кўнгилли тарзда жалб қилинади. Бу сўралаётган маълумотларнинг имкон қадар аниқ ва шаффофлигини таъминлашга ёрдам беради», дейди қўмита раиси ўринбосари.
Тадбир давомида статистика бўйича халқаро рейтингларда Ўзбекистон қайси даражада эканига аниқлик киритилди.
Маълум бўлишича, халқаро «Open data Inception» рейтинги маълумотига кўра, Ўзбекистон 2019 йилда 52та очиқ маълумотлар манбалари билан очиқ маълумотлар манбалари сони мавжудлиги рейтингида жаҳон мамлакатлари ичида биринчи ўнталикдан 9-ўринни эгаллади.
«Бундан ташқари, миллий статистика очиқлиги бўйича халқаро «Open data watch» рейтингида ҳам Ўзбекистон ўрнини яхшилаш олдинга қўйилган вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. 2019 йил бошига қадар бўлган вақт давомида Ўзбекистон мазкур рейтингда 168-ўринни эгаллаган», дея таъкидлади Давлат статистика қўмитаси Очиқ маълумотлар портали фаолиятини мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Акром Султонов.
Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон айни пайтда «Очиқ маълумотлар глобал индекси» ва «Очиқ маълумотлар барометри» халқаро рейтингларида ҳеч қандай ўринга эга эмас.
Статистика қўмитасининг олдида 2020 йилда мазкур рейтингларда Ўзбекистон иштирокини таъминлаш ва яхши натижаларни қайд этиш асосий вазифа бўлиб қолмоқда.
«Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси апрель ойида эълон қилинганди. Айни жараёнда уйларнинг ҳам рўйхати тузилади. Бу лойиҳа октябрь ойида Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида маъқулланганди.
Мавзуга оид
15:19 / 02.04.2026
Бир миллиарддан ортиқ аҳоли, уч миллион амалдор, 33 та савол — Ҳиндистонда аҳолини рўйхатга олиш бошланди
18:35 / 31.01.2026
Аҳолини рўйхатга олиш бўйича энг юқори ва паст кўрсаткичли ҳудудлар маълум қилинди
21:38 / 23.01.2026
Президент юртдошларни аҳолини рўйхатга олишда фаол иштирок этишга чақирди
17:36 / 22.01.2026