Жамият | 18:00 / 04.01.2020
14922
7 дақиқада ўқилади

Сарҳисоб ва хулоса: Kun.uz'нинг Самарқанд филиали 2019 йил давомида энг кўп қайси соҳаларни ўрганди?

2019 йил январь ойида Kun.uz сайтининг Самарқанд шаҳрида ҳудудий мухбирлик пункти ташкил этилган эди. Бу ҳудуддаги ижодий жамоа Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Навоий ва Жиззах вилоятлари бўйича фаолият юритади.

Ўтган бир йиллик фаолият давомида ўрганилган масалалар жамоа дуч келган ҳолат ва муаммолар тараққиётимизга асосан нималар тўсиқ бўлаётгани ҳақда ҳам маълумот беради.

Бугун одамлар нимадан норози? Қандай муаммоларга тезкор ечим бор? Қайси соҳалардаги ҳуқуқий ҳужжатларни тўлдириш ва мустаҳкамлаш керак? Мухбирларимиз мурожаатларни ўрганаркан, эълон қилинган мақолаларда юқоридаги саволлар бўйича ҳам ўз таклифларини бериб борди.

Яна бир жиҳат: муаммоларнинг ҳудудий хослигига ҳам эътибор қаратган бўлардик. Айрим вилоятлардан маълум йўналишлардаги мурожаатлар тинимсиз келгани ҳолда бошқа вилоятда бу муаммо деярли бўй кўрсатмаслиги ҳам мумкин экан. Туманлар ҳақда ҳам шундай дейиш мумкин.

Айтайлик, аукционда, қонуний тартибда ер сотиб олиб қатор муаммоларга йўлиққан тадбиркорлар Самарқандда нисбатан кўпроқ.

«Самарқанднинг мудрамаётган судьялари «инсофли харидор»ни қандай саргардон қилишаётгани ҳақида ҳикоя» деб номланган мақола аукционда ер сотиб олиб сарсон бўлган тадбиркорлар муаммосига пайариқлик фуқаро мисолидаги мақолада тизим муаммолари ўртага ташланди. Бу борадаги шикоятлар биринчиси ва сўнггиси ҳам эмаслиги аён бўлгач, каттақўрғонлик тадбиркорнинг айнан аукцион билан боғлиқ саргардонлиги ҳақдаги мақола пичинг тарзида шундай бошланганди: «Мен ушбу мақоланинг муаллифи сифатида ҳеч қачон аукционлардан кўчмас мулк ё бошқа нарса харид қилмасликни маслаҳат бераман».

Ҳар икки ҳолатда ҳам муаммода ишни кўриб чиққан суд органларининг ҳам «ҳисса»си борлиги яна ҳам ачинарли.

2019 йилни қайсидир маънода хусусий мулкнинг тан олиниши ва ҳурмат қилиниши йили дейиш мумкин.

Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинадиган ер, мулк эгасининг ҳуқуқлари аслида қонунларимизда кўрсатилган. Аммо бу ҳуқуқ йиллар давомида баъзан тан олинмагани, фуқароларнинг уйи ва бошқа мулклари компенсация масаласи ҳал этилмасдан туриб бузиб ташланиши борган сари мурожаатлар сонини оширарди.

Ниҳоят, Яккабоғ туманида содир бўлган воқеа: туман ҳокими ўринбосарининг булдозерда тадбиркор дўконини бузмоқчи бўлгани ва тадбиркор ҳоким ўринбосарига бензиб сепиб олов ёққани бу муаммога давлат даражасида эътибор қаратилишига олиб келди.

Мухбиримиз воқеа жойига етиб борганида бинони ноқонуний тарзда бузмоқчи бўлган амалдор эмас балки, унга қаршилик кўрсатган тадбиркор, ўғиллари-ю бир неча яқин узоқ қариндошлари билан бирга олиб кетилгани маълум бўлди ва «Яккабоғ воқеаси»: Қонунларни оёқости қилган масъуллар ҳам жазоланадими?» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди.

Шундан сўнг «Яккабоғ воқеаси» деярли барча сайтлар ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Орадан бир ҳафта ўтиб, Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов селекторда «снос» масаласини қаттиқ танқид остига олди.

3 август куни эса Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев  «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади. Бирорта уй ва мулк зўравонлик билан бузилмайдиган бўлди.

Албатта, ҳокимлик томонидан хусусий мулкка дахл қилиш ҳолатлари бошқа кузатилмади. Аммо мазкур воқеалардан сўнг 2014-15-йиллардаги ободончиликлар даврида мулкидан айрилган кўплаб фуқаролар компенсация талаби билан чиқишди.

Биргина Қашқадарё вилоятида аҳолининг миллиардлаб компенсация пуллари тўлаб берилмагани ва бунга энди маҳаллий ҳокимликнинг кучи ҳам етмаслиги маълум бўлиб қолди. Қиймати миллиард сўмдан ортиқ бўлган тўланмай қолган пуллари ҳақда яна қатор мақолалар эълон қилинди. Ва ниҳоят республика бюджети компенсация учун маблағ ажратиб берадиган бўлди.

Фаолиятимиз давомида бир нарсага амин бўлдик: Тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бошқа, уларни қақшатиб ерини тортиб олиш бошқа нарса экан.

«Паст Дарғомда «ўрмон қонунлари». Ҳокимлик балиқчи фермерларни қақшатиб, уларнинг тошлоқ ерларини кимга бермоқчи?» сарлавҳали мақола эълон қилингач, худди шундай бедодликлар юзасидан мурожаатлар «оқими» пайдо бўлди ва худди шу мавзуда яна бир нечта чиқиш қилинди.

Тадбиркор мулки ҳимояси билан боғлиқ мурожаатлар Бухоро ва Сурхондарёда ҳам тез-тез кузатилиб турди.

Бир нарсага эътибор қаратишни истардик: ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар йил давомида деярли барча вилоятларда бўй кўрсатиб турди. Улардан энг оғирлари Жарқўрғон, Қумқўрғон, Сариосиё, Ургут, Паст Дарғом, Ғаллаорол туманлари ва Жиззах шаҳри мисолида ёритиб берилди.

Сурхондарёда профилактика инспектори томонидан фуқаронинг калтаклангани, худди шу вилоятда пенсия ёшидаги ўқитувчига собиқ ўқувчиларининг қўл кўтаргани,  Бухородаги муаллиманинг «сирли ўлими», Ургутда ўқитувчининг ўқувчини уриши билан боғлиқ суриштирувлар ўқувчилар томонидан кенг муҳокама қилинди.

Кейинги вақтларда ижодий жамоа индивидуал мурожаатлардан кўра, аввало, кўпчиликка нафи тегиши мумкин бўлган муаммоларни ўрганишга ҳаракат қилмоқда.

Ана шундай муаммолардан, олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари учун қабул муаммолари, кириш синовларида ижодий имтиҳонларни баҳолашдаги адолатсизликлар, Самарқанд шаҳрида қурилиши режалаштирган улкан мардикор бозори, айрим ҳудудларда ўқитувчиларнинг бир ойлик ҳарбий хизмат шартнома пулини тўплашга жалб этилгани, «GM Uzbekistan»нинг ички бозорга чиқараётган машиналаридаги камчиликлар ва сервис хизматидаги муаммолар шулар жумласидан.

Албатта, сайтнинг Самарқанд филиали фаолияти фақатгина мурожаатлар билан боғлиқ эмас. Турли кўринишдаги лойиҳалар ойма-ой таклиф этиб борилмоқда.

Жумладан, саёҳат рукнида юртимизнинг ноёб манзараларидан фоторепортаж ва йўл очерклари, Япония, Сингапур, Россия каби мамлакатлардан қизиқарли лавҳалар ўқувчиларни бефарқ қолдирмади. Шу сабабдан хорижий мамлакатлар ҳаёти билан бир қаторда ўз юртимиздаги ноёб, кўпчиликнинг хабари бўлмаган масканлар ҳақда ўқувчиларимизни хабардор этиб борамиз.

Беморлар учун ёрдам қўлини чўзиш, хайрия акциялари орқали даволанишга имкон топа олмаётган юртдошларимизнинг хорижда ва юртимизда даволанишларини ташкил этиш йўналишларимиздан бири.

6та вилоятдан ҳам йил давомида ўнлаб хайрия акциялари эълон қилинди. Ва аксарияти юртдошларимизнинг кўмаги билан муваффақиятли якунлангани бизнинг ҳам кўнглимизни тоғдек кўтарди.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ, Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбирлари.

Мавзуга оид