Kun.uz Ҳаж ва Умра зиёрати бўйича аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларга асосан, Ҳажга боришнинг амалдаги тартиби ва Умра зиёратида кўрсатилаётган хизматлар юзасидан аҳолининг фикрлари акс этган материалларни чоп этган эди.

Шунингдек, 7 февраль куни бир неча хусусий турфирмалар раҳбарлари билан интервью эълон қилинган, унда турфирма раҳбарлари Умра учун виза олиша олмаётганини билдиришганди.

Шундан сўнг таҳририят мазкур масалалар юзасидан тўпланиб қолган саволлар билан Дин ишлари бўйича қўмитага мурожаат қилди. 11 февраль куни қўмита матбуот хизмати мазкур саволларга жавоб тақдим этди.

1-савол: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 мартдаги 154-Ф-сонли фармойишида Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этишда бозор механизмларини жорий этиш, кўрсатиладиган хизматлар нархини арзонлаштириш кераклиги алоҳида қайд этилган. Ҳужжатнинг 2-иловаси, 1-бандида умра тадбирининг туристик фирмалар томонидан ташкил этилишини йўлга қўйиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш вазифа этиб белгиланган. Бироқ ўтган вақт давомида нима сабабдан хусусий секторнинг ушбу фаолият билан шуғулланиши, яъни виза олиши ва Тошкент-Жидда йўналишидаги авиақатновлардан фойдаланишига йўл бермаяпти? Бу борада монополия бекор қилинмаётгани нима билан изоҳланади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 мартдаги 154-Ф-сонли Фармойишида белгиланган топшириқлар ижроси бажарилган. Хусусан:

2019 йил Ҳаж ва Умра мавсумларида кўрсатиладиган хизматлар нархлари сезиларли даражада арзонлаштирилди ва бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий сайтида эълон қилинди.

Умра тадбирини туристик фирмалар томонидан ташкил этилишини йўлга қўйиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда Саудия Арабистонида фаолият олиб бораётган фирмаларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов бошчилигида ишчи гуруҳи тузилди ҳамда 2019 йилнинг 8-15 март кунлари мазкур гуруҳнинг Саудия Арабистонига хизмат сафари амалга оширилди.

Ишчи гуруҳи томонидан Саудия Арабистонида фаолият юритувчи ширкатлар имкониятлари ўрганилди ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълумот киритилди.