Ўзбекистон | 18:12 / 19.02.2020
17280
3 дақиқада ўқилади

Давлат амалдорларига хусусий ОАВ таъсис этиш тақиқланиши мумкин

ОАВ тўғрисидаги қонун янгиланади. Унга асосан, ОАВга давлат мансабдорлари устидан парламентга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилиши ҳам мумкин.

Ўзбекистон ҳукумати аъзолари / Фото: Kun.uz

Бугун, 19 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган тадбир ўтказилди, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

Қонуннинг янги таҳририда қуйидагича янгиликлар бўлиши мумкин:

  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбар ходимларига хусусий ОАВ таъсис этишни тақиқлаш;
  • ОАВ чиқиш маълумотларига унинг таъсисчиси ва ҳомийлари тўғрисида ҳам маълумот жойлаштириш, бу орқали ОАВ фаолиятига амалдорларнинг таъсири бор-йўқлигига аниқлик киритиш;
  • давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг Конституция, қонунлар, парламент қарорлари ва давлат дастурларини ижро этиш, шунингдек ўз зиммаларига юклатилган вазифа-функцияларни амалга ошириши бўйича ОАВнинг парламентга мурожаат этиш ҳуқуқини қонунийлаштириш,
  • ОАВ эркинлигини бузганлик учун жавобгарлик белгилаш.

Шунингдек, амалдаги қонуннинг айрим тушунчаларига аниқлик киритиш, эскирган ва аҳамиятини йўқотган нормаларни таҳрирлаш ёки қонундан буткул чиқариб ташлаш таклиф этиляпти.

Тадбирда Ахборот ва оммавий комманикациялар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Тадбир ташкилотчиларига кўра, билдирилган фикрлар қонун лойиҳасини такомиллаштиришда инобатга олинади ва лойиҳа келгусида яна жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

Фото: АОКА

Эслатиб ўтамиз, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган. Унга 2007 йил 16 январида ва 2002 йил 22 октябрида ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. 2007 йил 15 январда бу қонун янги таҳрирда тасдиқланган.

Янги таҳрирдаги «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси 2019 йил 16 октябрда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди.

Мавзуга оид