Масалан, Нодира Норқулова Kun.uz таҳририятига Исроилнинг Тель-Авив шаҳрига Самарқанддан ҳафтасига икки-уч марта авиарейс очилганда ҳам ўзини оқлаши, кўплаб самарқандликлар Тошкент орқали учишга мажбур бўлаётгани ҳақда мурожаат қилди. 

Иккинчи томондан, Исроилдан ҳам келувчилар сони кун сайин ошиб бормоқда. Статистик маълумотларга кўра, ўтган йилнинг ўзида Исроилдан Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар 59 фоизга ошган. Табиийки, Самарқанд туристик йўналишларнинг энг асосийларидан бири.

Умуман, гап фақат Тель-Авивга рейс ҳақида ҳам эмас, дунёнинг қатор давлатларига авиайўналишлар очиш вақти аллақачон келгани бор гап. Мисол учун, Самарқанд — Пусан, Самарқанд — Сеул, Самарқанд — Душанбе каби йўналишларга талаб юқорилиги ҳақда қатор йиллардан буён айтиб келинади.

Нафақат Тошкент, балки Қозоғистоннинг Чимкент аэропортида ҳам қатор шаҳарларга отланган йўловчилар орасида самарқандликлар оз эмас.

Бу масаланинг фақат юртдошларимизга ноқулайлик келтираётган томони. Яна бир муаммо шундаки бу ҳолат туризм ривожига ҳам жиддий тўсиқ бўлиб турибди.

Самарқанд вилоят туризмни ривожлантириш департаментида бўлганимизда айнан янги йўналишлар масаласида қатор турфирмалар ҳам бир неча марта мурожаат қилганини маълум қилишди.

Айтайлик, хорижий давлатлардан Франция аҳолисининг Самарқанддаги туристик масканларга қизиқиш жуда юқори. Шунингдек, Япония ва бошқа давлатлардан ҳам талаб кам эмас. Вилоят туризмни ривожлантириш департаменти бу каби мурожаатларни Туризмни ривожлантиришга давлат қўмитасига, қўмита эса транспорт вазирлигига юборади. Бироқ...

Муаммо шундаки, айни вақтда Самарқанд халқаро аэропортининг имкониятлари Самарқанднинг салоҳиятига мос эмас.

2018 йилдаёқ мутахассислар янги аэровокзал биноси, йўловчилар юкларини сараловчи тизим, махсус техникалар, учиш ва қўниш йўлакларини таъмирлаш ва бошқа тадбирларни амалга ошириш шартлигини маълум қилган эди. Бугунги ҳолат шуки, мазкур аэропортда бир соатда кўпи билан фақат 500 кишига хизмат кўрсатиш имкони бор, холос. Бир вақтнинг ўзида битта, нари борса иккита рейсга хизмат кўрсата олиш мумкин.

Самарқанд халқаро аэропорти матбуот хизматига кўра, бугунги кунда аэропорт орқали бир ҳафтада 38та рейс амалга оширилади. Аэровокзал биноси ростдан ҳам таъмирталаб бўлгани учун бугунги кунда вақтинчалик аэровокзал йўловчиларга хизмат кўрсатиб турибди. Бир йил ичида барча талабларга жавоб берадиган янги аэровокзал қурилади.

Умуман, бу бўйича ҳукумат қарори қабул қилинган бўлиб, тўрт қаватли аэровокзал биноси қурилишидан ташқари, учиш-қўниш йўлаги, 22та самолёт турар жойи, уларга музлашнинг олдини олиш учун махсус суюқлик билан ишлов бериш майдони ташкил этилиши кўзда тутилган (2022 йилда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Самарқанддаги йиғилиши бошлангунга қадар).