2019 йил 21 июль куни Kun.uz сайтида «Риштонда аукционда мулк сотиб олган фуқаро чув тушди(ми?)» номли мақола эълон қилинганди. Унда тадбиркор Сойибжон Бувожонов «E-IJRO AUKSION» ягона савдо майдончасида электрон онлайн аукцион орқали Риштон туманида жойлашган «Ўзагрокимёҳимоя» Фарғона вилояти ҳудудий АЖга қарашли маъмурий бино-иншоотларни 279 миллион сўмга сотиб олгани, белгиланган тўловни амалга ошириб, тегишли ҳужжатлар (кадастр ҳужжатлари, гувоҳнома ва ердан фойдаланишга оид қарорлар)ни расмийлаштириб олгани, лекин бинога кира олмаётгани, фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро суди аукцион натижаларини бекор қилиб юборгани баён этилганди.

Фарғона вилоят прокуратурасининг тадбиркор манфаатларида суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш бўйича киритган протести ҳам фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилояти судида қаноатлантиришдан рад этилиб, ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган эди.

2019 йил 24 июль куни «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» ДУК ушбу мақолага муносабат билдириб, фуқаро аукцион савдолари орқали кўчмас мулкни ҳаққоний, ҳалол ютиб олганини, аукцион ўтказишда «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончаси томонидан бирор камчиликка йўл қўйилмаганини, суд асоссиз қарор қабул қилганини таъкидлаган эди.

Тадбиркорнинг назорат тартибида киритган шикояти Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилди.

Судлов ҳайъатининг жорий йил 10 мартдаги ажрими билан фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилояти суди кассация инстанциясининг 2019 йил 31 майдаги ажрими ҳамда Риштон туманлараро судининг 2019 йил 5 февралдаги ҳал қилув қарорининг 2018 йил 23 октябрдаги АО 1119-000049-сонли электрон-онлайн аукцион натижалари тўғрисидаги баённома ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги қисми бекор қилинди ҳамда бекор қилинган қисми бўйича даъво талабини рад қилиш ҳақидаги янги ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Мазкур ажрим билан тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланиб, қонуний тарзда сотиб олинган мулкка эгалиги расман тан олинди.

Дарвоқе, Олий суд ажрими билан тадбиркорнинг «жигарини эзган» «Ўзагрокимёҳимоя» Фарғона ҳудудий АЖдан даъво талаблари рад қилингани муносабати билан давлат фойдасига 5.177.803,85 сўм давлат божи ундириладиган бўлди.