Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида фаолият юритувчи «Олимбой ҳожи» фермер хўжалиги раҳбари, чорвадор Абдуманноб Қосимов ва Қўштепа туман ҳокими Илёс Новиков ўртасидаги низоли вазият деярли икки йилдан бери давом этиб келмоқда.

Чорвадор ва мансабдор ўртасида узоқ давом этган бу «жанг»да туман ҳокимининг «қўли баланд» келиб турибди. Олий судда «мағлубиятга учраган» ҳоким тадбиркорни таъқиб қилишни давом эттирди ва қайсидир маънода ўз мақсадига эришди ҳам.

Ҳоким қандай қилиб фермер билан қасдлашиб қолгани ҳақидаги яқин ўтмишни ёдга оламиз.

 Чет элдан наслли қорамол олиб келиб балога қолган чорвадор...

2019 йил 15 март куни Kun.uz сайтида Фарғона вилояти Қўштепа тумани ҳудудида фаолият юритувчи «Олимбой ҳожи» чорвачилик фермасидаги муаммолар ҳақида илк мақола эълон қилинди.

Унда фермер хўжалиги манзилли дастур асосида 2018 йили Германиядан, ҳар бирининг нархи 2070 евро бўлган 99 бош наслли қорамол олиб келгани, бироқ туман ҳокимлиги томонидан озуқа етиштириш учун гиёҳ ҳам ўсмайдиган, нобоп ер майдони берилгани, бунинг оқибатида озуқа-ем тақчиллиги юз бериб, қорамоллар нобуд бўла бошлагани баён қилинган эди.