Давлат тест маркази Чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси берган маълумотга кўра, 2019/20 ўқув йили аввалида ОТМларнинг бакалавриат таълим йўналиши учун ҳужжат топширган 1 066 926 нафар абитуриентнинг 11 250 нафарида чет тили бўйича имтиёз берувчи сертификат бўлган.
Мазкур сертификатларнинг асосий қисмини IELTS ва ДТМ имтиҳони асосида бериладиган CEFR миллий сертификати ташкил қилган.
ДТМда инглиз тилидан ташқари яна 13та тил учун имтиҳон асосида миллий сертификат бериш тизими бор.
Имтиёз учун талаб қилинадиган даража
2020/21 ўқув йилидан бошлаб, фанлар мажмуасига чет тили киритилган бакалавриат таълим йўналишларидан бирини танлаган абитуриент имтиёз олишни хоҳласа, тил бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга бўлиш талаб этилади.
Агар абитуриент В2 ва ундан юқори даражага эга бўлса, унга ушбу фандан белгиланган максимал балл берилади.
Ўтган йил билан солиштирганда
2019/20 ўқув йилида чет тили биринчи фан бўлган таълим йўналишлари учун ДТМ томонидан берилган чет тилини билиш тўғрисидаги сертификат (миллий сертификат) ёки IELTS (5,5), TOEFL IBT (72 балл) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича В2 ва ундан юқори тил билиш даражаси талаб қилинган.
Чет тили асосий фан бўлмаган таълим йўналишлари учун эса мос равишда IELTS имтиҳонидан 4,5, TOEFL IBT’дан 42 балл, СEFR имтиҳонидан В1 ва ундан юқори даража сўралган.
«Барча тиллар учун B2 даража зарур ва истисноли ҳолат мавжуд...»
2019 йил 13 майдаги президент қарорига биноан, 2020/21 ўқув йилидан бошлаб, тест синовлари мажмуасига чет тили киритилган барча бакалавриат йўналишлари учун сертификатдаги тил даражаси бир хил (биринчи, иккинчи фанга қараб даражаланмайди) этиб белгиланган.
Бунда барча бакалавриат йўналишларига инглиз тили учун миллий сертификат ёки IELTS (5,5), TOEFL IBT (72), Cambridge Assessment English FCE учун В2 ва ундан юқори даража талаб этилади.
Лекин истисноли ҳолат шундаки, 2019 йилга қадар ДТМдан олинган миллий сертификатнинг амал қилиш муддати ушбу сертификатнинг амал қилиш муддати даврида сақлаб қолиниши ҳам қарорда кўзда тутилган.


















