Жадид зиёлилари учун эски усулдаги мактабларни ислоҳ этиш, бадиий адабиётни янги ўзанга солиш, театр саҳнасини ибратхонага айлантириш  нақадар муҳим бўлса, миллий матубот ташкили ва тараққийси ҳам шу даражада аҳамиятли эди.

Жадидлар замонида матбуотдаги ҳақ сўзнинг кундалик ҳаётга, одамларга, жамиятга таъсири кучли бўлди. Вақтли матбуот одамларнинг ижтимоий ҳаётига фаол аралашмоғи ва дунёдан бохабар бўлмоғи учун заруратга айланди. Бошлаб газеталар ойда бир бора базўр чиқди; аста-аста ҳафталик ва кунлик нашрлар шиддат билан одамлар орасига кириб борди; саҳифаларидаги мақола ва маълумотлар маънавий эҳтиёж тусини олди.

Дарҳақиқат, миллат маънавиятини ислоҳ этиш, одамларни маърифатли қилиш, оламга очиқ назар билан боқишга ўргатиш ва мудроқ тафаккурни уйғотишнинг энг асосий омили сифатида жадидлар матбуотнинг қадрини баланд кўтарди. Улар наздида матбуот – фикрлар тилмочи, миллат ва эл-юрт ривожи йўлида хизматчи, одамлар онг-у шуурининг қуёши, ҳар кимнинг виждонига тутилган кўзгу бўлмоғи лозим эди. «Улфат» кўнгиллар бирлигидан сўз очиши, «садо»лар маърифат ва маънавият, одобиёт ва адабиётнинг овози бўлиши керак эди. Газета ва журналлар номи шу эзгу ниятларга мослаб танланди.

Туркистонлик зиёлилар ўзлари газета чиқаргунга қадар бир муддат Қримга – Бахчасаройга кўз тикишди. Исмоилбек Гаспринскийнинг «Тилда, фикрда, ишда бирлик» деган ғояларига ҳавасланиб қарашди. Жадидлар шу алломанинг «Таржимон» (1883-1914) газетасини ўқиб, унинг мухлиси ва муҳибига айланишди.

Газетанинг йўли, маслаги ва мақсади аниқ эди:

«Таржимон» – ҳар турли иш, аҳвол ва ихтилофга «ҳаққоният»ва «мумкиният» жиҳатидан боқажакдир. «Таржимон» тавҳиди лисон, тавҳиди афкор ва маорифи миллия масалаларида ғайрати доимийда бўлажакдир. «Таржимон» – ҳар на сўйлар ва ёзар бўлса, бу кунда миллатнинг англами, идрок ва қабул этиши суратда арз ва баён этажакдир».

Гарчанд «Таржимон»нинг Туркистондан ўқувчилари кўп бўлса ҳам, босилишининг бошларида туркистонлик ёзувчилар жуда кам – онда-сонда иштирок этди. Бироқ ХХ асрнинг ўнинчи йилларидан бошлаб Маҳмудхўжа Беҳбудий (Самарқанд),  Охунд мулла Мавдуд Оҳимов (Тошканд), Мирҳусайн Мирраҳимов (Қўқон), Абдуқодир Шакурий (Самарқанд), Ҳожи Муъин (Самарқанд), Қози Зиёуддин Маҳмуд ибн Домла ва мударрис Файзраҳмат (Бухоро) кабилар қатнашади.

Муаллифлар баъзан мақола-хабар ёзишса, айрим ҳолларда «Таржимон»дан ўзларининг энг муҳим саволларига жавоб олиш ниятида мактублар йўллайди. Абдулҳамид Чўлпон 1913 йили Исмоил Гаспинскийга ёзган мактубида «Шалола», «Турк юрди», «Шаҳбал», «Таржимон», «Вақт» ва «Иқбол» каби жадид қардошларнинг газета ва журналларини ёдга олади, уларни ўқиб бораётганини айтади.