Ўзбекистон | 13:10 / 13.07.2020
100021
3 дақиқада ўқилади

Энди коронавирус аломати кузатилган беморлар тест топшириш ёки шифохонада даволаниш учун сарсон бўлмаслиги маълум қилинди

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Анвар Алимов 13 июль куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда бундан буён коронавирус аломати кузатилган беморлар тест топшириш ёки шифохонада даволаниш учун сарсон бўлмаслигини маълум қилди.

«Бугунги кунда беморлар сонининг ортиши, шу билан бирга, Тошкент шаҳрининг ўзида касалликнинг клиник белгилари пайдо бўлган шахсларнинг бир неча баробарга кўпайиши натижасида муайян қийинчиликлар юзага келди. Бунинг сабабларидан яна биттасини айтишимиз керакки, интеграция жараёнида кечагина Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи чиқди. Шу асосда Тошкент шаҳрида COVID-19 инфекциясини бошқариш бўйича ситуацион алоқа маркази фаолият юрита бошлади.

Бу Тошкент шаҳрида, марказий штабда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи, туманларда эса соғлиқни сақлаш бўлимлари раҳбарлари иштирокидаги штабга учта асосий масала топширилди. Оилавий бўладими ё кўп тармоқлими, бундан қатъи назар, ҳар битта поликлиника қошида мобил гуруҳлар ташкил этилди.

Мобиль гуруҳлар уч кишидан иборат: инфекционист, эпидемиолог ва умумий амалиёт шифокори. Гуруҳлар чақирувга асосан коронавирус инфекцияси симптомлари кузатилган беморларнинг уйларига боришади. Агар беморда чиндан ҳам коронавирусни юқтирганлик аломатлари кузатилса, телефон орқали туман, ҳудуд ёки республика даражасидаги COVID-19’га олинадиган таҳлиллар учун диагностика қилишга махсус тиббиёт бригадасини чақиртиради.

Беморнинг коронавирусга чалингани тасдиқланса, уй шароитида эмас, балки шифохона шароитида даволашни инобатга олган ҳолда Тошкент шаҳридаги коронавирус беморларини даволашга ихтисослаштирилган 6та шифохонага йўналтириш бўйича топшириқ берилди. Энди коронавирус аломати кузатилган беморлар тест топшириш ёки шифохонада даволаниш учун сарсон бўлмайди. Тошкент шаҳри аҳолисининг танқидларидан сўнг ушбу ўзгаришлар қабул қилинди», дея Анвар Алимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

У, шунингдек, ССВнинг юқоридаги буйруғи билан 24 соат ишловчи Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолиси учун хизмат кўрсатадиган 1105 рақамли Call-марказ ташкил қилингани, республика бўйича 1003 рақамли Call-марказ фаолият кўрсатаётганини айтиб ўтди.

«Call-марказлар аҳолидан келиб тушган барча сўровларни Тошкент шаҳрида COVID-19 инфекциясини бошқариш бўйича ситуацион алоқа марказига юборади. Ситуацион алоқа маркази таҳлиллар ўтказиб, госпитализация ёки таҳлил олиш учун мобил гуруҳларнинг ишини мувофиқлаштиради», дейди Анвар Алимов.

Аввалроқ, янги тартибга асосан эпид-гуруҳлар ва мобил гуруҳлар тузилаётгани ҳақида Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков Kun.uz'га берган интервьюсида тўлиқроқ тўхталиб ўтган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев коронавирус симптомлари бор фуқаролар қандай йўл тутиши кераклиги ҳақида атрофлича тушунтириш берганди.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид