Марказда коронавирусга гумон қилинаётган фуқароларни вақтинча сақлаб туриш учун 1008та койкадан иборат жой ҳозирланмоқда.
Бу ерда фуқароларга зарурий бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилади. Ҳозирда бинони мослаштириш ва койкаларни ўрнатиш жараёни кетмоқда, деб хабар беради Kun.uz мухбири.
Айни пайтда Юнусобод туманидаги «Ўзэкспомарказ»нинг 3-павильонида 1000 ўринлик махсус марказ фаолият юритмоқда (масъул – Тошкент шаҳар ҳокимлиги). Шунингдек, 1- ва 2-павильонларда яна 814та койка тайёрланмоқда (масъул – Мудофаа вазирлиги госпитали).
Бундан ташқари, яқин 2-3 кун ичида Юнусободдаги гимнастика саройида 750 ўринли (масъул – ИИВ госпитали), Шайхонтоҳур туманидаги «Ёшлик» спорт мажмуасида 520 ўринли (масъул – ДХХ госпитали) биринчи тиббий ёрдам марказлари фойдаланишга топширилиши кутиляпти.

Сергели туманидаги 2-сон БЎСМ 250 ўринли даволаш маскани этиб қайта жиҳозланяпти.
Бундан аввал Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ётоқхонаси ва Чилонзор туманидаги «Cardio Star Plus» хусусий клиникаси (50та ўрин) ҳам коронавирусга гумон қилинганларни вақтинча сақлаш масканларига айлантирилгани айтилганди.
Бу марказларда коронавирусга гумон қилинганларга ташхис қўйиш, заруратга кўра даволаш учун шароит яратилаётгани, улар пандемия талаблари асосида жиҳозланиб, зарур тиббий ускуналар билан таъминланаётгани хабар қилинган










