Ўзбекистонда коронавирусга чалиниб, уй шароитида даволанаётган беморларга тарқатиладиган дорилар тўплами қайта тасдиқланди. Бу ҳақда 30 июль куни АОКАда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзолари иштирокида ўтган брифингда маълум қилинди.
«Куни кеча Махсус комиссия йиғилиши бўлиб ўтди. Унда уйда ва стационар шароитда даволанаётган беморларнинг даволаш протоколи кўриб чиқилди. Ва уйда даволанувчи беморлар учун бепул дори-дармонлар тўплами тасдиқланди.
Бу қутига гидроксихлорохин, азитромицин, D ва С витаминлари, рух (цинк) ва «Оксолин» мази киритилган», – дея штаб аъзоси Ҳабибулло Оқиловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Қайд этиш жоиз, савдо номи «Плаквенил» бўлган гидроксихлорохин препарати коронавирусга қарши бефойда экани Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланган, шундай бўлса-да Ўзбекистонда ушбу доридан фойдаланиш давом этиб келинаётгани жамоатчиликда эътирозларни уйғотмоқда.
Июн ойи бошида Оксфорд олимлари ушбу дори касалликни даволашда ёрдам беришини исботловчи далилларни топа олмаган, аксинча препарат ўлим хавфини ошириши мумкинлиги ҳақида хулосага келган эди. Тадқиқот натижасига кўра, гидроксихлорохинни қабул қилган беморларнинг 25,7 фоизи 28 кун ичида вафот этган. Бу малҳамни қабул қилмаганлар орасида ўлим даражаси 23,5 фоизни ташкил этган.
Тўпламдаги дорилар ЖССТ кўрсатмалари асосида танланиши айтилган эди
Ўзбекистонда коронавирусни енгил шаклда кечириб, уйда даволанаётган беморлар бепул дори-дармонлар билан таъминланиши ҳақида июль ойи ўрталарида эълон қилинган, тўпламдан гидроксихлорохин ҳам жой олганди.
Кейинроқ маълум бўлдики, 17 июлда тўпламга киритилгани эълон қилинган гидроксихлорохин 13 июлда Ўзбекистондаги даволаш протоколидан чиқарилган.
«Бу дори-дармонлар жамланмаси ЖССТ кўрсатмаларига асосан танланиши керак»,








