Европа истиқболлари ва хавфсизлиги институти (IPSE) президенти Эммануэль Дюпюининг сўзларига кўра, Макрон Ўрта ер денгизида «янги Европа ҳикоясини яратиш»га уринмоқда. Унинг Байрутдаги портлашдан сўнг Ливанга қилган ташрифи ҳам Ўрта ер денгизи кун тартибига бурилиш нуқтаси – янги «Франция ҳикояси» сифатида кирмоқда.

Хўш, НАТО альянсида АҚШ ва Британиядан кейинги учинчи ядро кучига эга бўлган ва Европа Иттифоқида Германиядан кейин иккинчи йирик иқтисодий салоҳиятга эга бўлган Франция Ғарб мудофаасида «флагман» ролини ўйнай оладими?

Истанбулдаги Едитепе университети профессори, ҳуқуқ фанлари доктори Месут Ҳаққи Жасин «Анадўлу» агентлигида эълон қилинган мақоласида Ўрта ер денгизида Туркия ва Франция ўртасида юзага келган зиддият тафсилотлари ҳақида ёзди.

Франция иқтисодиётидаги пандемик ҳалокат
Францияда иқтисодиёт 2020 йилнинг биринчи чорагида 5,3 фоизга қисқарди. Эпидемия туфайли ишдан бўшатиш ҳолатлари ортди. Миллиардлаб евролик ёрдам кўрсатилишига қарамай, айниқса, авиация ва автомобилсозлик соҳасида ўн минглаб хизматчилар ишдан бўшатилиши эълон қилинди. Биргина Airbus компаниясининг ўзи коронавирус эпидемияси оқибатида 2021 йилнинг ёзига қадар жами 15 минг, компаниянинг Франциядаги фаолиятидан эса 5 минг ходим ишдан бўшатилишини маълум қилди. Air France-KLM ҳам улкан миқёсли қисқартиришларга тайёрланмоқда. Компания 2022 йил охирига қадар 7 минг 500 нафар ишчисидан воз кечиши ҳақида хабар берди. Суб-саноатда эълон қилинган иш ўринларини қисқартириш эса Air France ва Airbus’дагидан ҳам анча кўп.

Ҳарбий куч параметрлари нуқтайи назаридан таҳлил қилинса, 2019 йилдаги НАТО иттифоқдош армияларининг куч салоҳиятига кўра, АҚШнинг мудофаа бюджети 686,1 миллиард доллар ва 1 миллион 281 минг 900 фаол ходимдан иборат. Париж мудофааси бюджети эса 50,1 миллиард долларни ташкил қилади, фаол ҳарбий хизматчилар сони 203 минг 750 нафар.

Макрон: «НАТОда мия фалажи содир бўлди»
Франция президенти Эммануэль Макрон НАТОнинг вазифаси ва аҳамиятини шубҳа остига қўювчи баёнотлар берди ва унга иттифоқ аъзолари томонидан муносабат билдирилди. АҚШнинг эпидемияга қарши кураши ва президентлик сайловларини нотўғри ўқиган Макроннинг «НАТОда мия ўлими содир бўлди» деган баёнотига Дональд Трамп «ҳурматсизларча» жавоб қайтарди. Макроннинг «АҚШ, Хитой ва Россиядан ҳимояланиш учун Европа ўз армиясини тузиши кераклиги» ҳақидаги таклифини ҳам Трамп «жуда шармандали» деб таърифлади.