Жаҳон | 18:40 / 13.11.2020
3114
3 дақиқада ўқилади

Telegram'ни блоклаган Роскомнадзор мессенжерда ўз каналини очди

Россияда алоқа соҳасида давлат назоратини олиб борувчи хизмат – Роскомнадзор Telegram мессенжерида ўзининг каналини очди. Бу ҳақда ташкилотнинг Twitter'даги саҳифасида маълум қилинган.

«Агар сиз учун Роскомнадзор хабарларини Telegram орқали ўқиш қулай бўлса, бу ерда ҳам канал очишга қарор қилдик», дейилган хабарда. Айни дамда 6 минг нафардан ортиқ ўқувчиси бор канал 13 октябрда очилган. 29 октябр куни унда илк пост жойланган. Бу каналнинг расмий экани ҳақида олдин хабар берилмаган.

2018 йил Россия хавфсизлик хизмати ФХХга сўралган маълумотларни беришдан бош тортгани сабаб 2018 йилда Россия ҳудудида Telegram'ни блоклаш бошланганди. Ўшанда ФХХ Telegram'дан фойдаланувчиларнинг ёзишмаларини сўраган ва рад жавобини олган. Роскомнадзор икки йил давомида Россия ҳудудида Telegram мессенжерини блоклашга уринди, лекин бу ишни қисман амалга оширган бўлса-да, Telegram'ни Россияда тўлиқ блоклашнинг имкони бўлмади.

2020 йил 18 июнида эса Роскомнадзор Россия Бош прокуратураси билан маслаҳатлашган ҳолда Telegram'га нисбатан қўлланган барча чекловлар бекор қилинганини эълон қилди. Чунки бироз олдин мессенжер асосчиси россиялик Павел Дуров Telegram терроризм ва экстремизмга қарши курашишини маълум қилганди. Унинг айтишича, Telegram экстремистик пропаганда аломатлари бўлган маълумотларни блоклаш усулларини мукаммаллаштирган.

Қизиғи шундаки, Роскомнадзор Telegram'га қарши чекловлар бекор қилинганини маълум қилиш асносида мессенжерни блоклашнинг техник жиҳатдан имкони бўлмаганини тан олганди. Ташкилотнинг Telegram'да расмий канал очиши икки томон ўртасидаги муносабатлар янада яхшиланганини билдириши айтилмоқда.

Маълумот учун, Telegram'дан дунёда 400 миллиондан ортиқ одам фойдаланади. Павел Дуров мессенжернинг фойдаланувчилари кунига 600 минг нафардан кўпаяётганини айтганди. Россияда Telegram'дан 30 миллион киши фойдаланиши маълум. Интернет оламида энг оммапоб мессенжерлардан бирига айланиб бораётган Telegram'нинг бозор нархи 10 миллиард доллардан кўпроққа баҳоланган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид