Иқтисодиёт | 15:12 / 30.12.2020
3801
2 дақиқада ўқилади

2021 йилда тадбиркорликка ўқитадиган 1000дан ортиқ марказ ташкил этилади — Иқтисодиёт вазирлиги

Тадбиркорликка ўқитадиган марказларда ўқиб чиққан фуқароларга ёрдам бериш мақсадида 1 миллион сўмгача субсидия ажратилиши, бунинг учун бюджетдан 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши маълум қилинди.

Фото: Shutterstock

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Саидқаҳҳор Холхўжаев 2021 йилда аҳолини тадбиркорликка ўқитиш, ўз бизнесини йўлга қўйиш истагидаги фуқаролар учун бериладиган маблағлар ва имтиёзлар ҳақида маълумот берди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«2021 йилда тадбиркорликка ўқитадиган 1000дан ортиқ марказ ташкил этилади. Уларда ўқиб чиққан фуқароларга ёрдам бериш мақсадида 1 миллион сўмгача субсидия ажратилади. Бунинг учун бюджетдан 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Шу билан бирга, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 6 триллион сўмдан зиёд кредитлар бериш кўзда тутилган.

Иккинчидан, ўз бизнесини йўлга қўйишда асбоб-ускуналар сотиб олиш эҳтиёжига эга бўлган фуқароларга 7 миллион сўмгача бўлган субсидиялар ажратилади.

Шунингдек, деҳқончилик қилиш хоҳиши бор фуқароларга 10 сотихдан 1 гектаргача бўлган ерлар берилади.

Кейинги йилда 27 мингдан ортиқ фуқароларга ипотека кредитлари олишида бошланғич бадаллари ва фоиз ставкаларига субсидиялар ажратиш бўйича 2,4 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади. Бу 2020 йилга нисбатан 2 ярим баравар ошиқ дегани.

Мазкур ишларни амалга оширишда вазирлик томонидан биринчи навбатда ўрта муддатга мўлжалланган камбағалликни қисқартириш стратегияси концепцияси ишлаб чиқамиз. Хусусан, 2021 йилда камида 100 та технопарк ва кичик саноат зоналари яратиш режалаштирилган. Ўз навбатида уларга етарли миқдордаги инфратузилмани шакллантириш мақсадида давлат томонидан 1,6 триллион сўмлик маблағ йўналтирилади», –– деди вазир ўринбосари.

Ўзбекистон президентининг Олий Мажлисга мурожаатномасида ҳам тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор вазифалар келтирилган эди.  

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид