15:15 / 31.12.2020
8611

Россия Фарғона вилоятидан қуруқ мева импортига қўйилган тақиқни бекор қилди

Қуритилган меваларни етказиб бериш фитосанитария сертификатларидаги «қўшимча декларация» қисмида ҳамда маҳсулот ёрлиғида мажбурий равишда ишлаб чиқарувчининг номи ва унинг манзилини кўрсатиш орқали амалга оширилади.

Россия ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати («Росселхознадзор») 2021 йилнинг 1 январидан Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан қуруқ меваларни олиб киришга рухсат берди. Ўздавкарантин сайтида хабар қилинишича, қуритилган меваларни етказиб бериш фитосанитария сертификатларидаги «қўшимча декларация» қисмида ҳамда маҳсулот ёрлиғида мажбурий равишда ишлаб чиқарувчининг номи ва унинг манзилини кўрсатиш орқали амалга оширилади. Фарғона вилоятидан келтирилган қуритилган меваларнинг ҳар бир партиясига дастлабки электрон билдиришнома ва маҳсулотларнинг фитосанитар хавфсизлигини тасдиқловчи лаборатория синовлари баённомалари илова қилинади.

«Ўздавкарантин» ҳамда «Росселхознадзор» хизматлари ўртасида олиб борилган музокараларнинг навбатдаги натижаларига кўра, 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб Россия Федерациясига Фарғона вилоятидан қуритилган маҳсулотлар экспортига рухсат берилди. Мазкур келишувга қадар Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси марказий аппарати, ўсимликлар карантини илмий маркази ҳамда марказий карантин лабораториясидан иборат ишчи гуруҳ вилоятдаги фитосанитар ҳолатни чуқур ўрганиб, тақиққа сабаб бўлган капр қўнғизи билан боғлиқ таҳлилларни олиб борган эди. 

Тадбиркорлар учун мазкур янгилик баробарида, энди Россия Федерациясига қуритилган маҳсулотларнинг экспорт жараёнида қўшимча талаб киритилди. Унга мувофиқ, фитосанитария сертификатларида мажбурий равишда «қўшимча декларация» устуни бўлиб, унда маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхонанинг номи ва манзили, шунингдек, маҳсулот маркировкаси ҳам кўрсатилади.

Шу билан бирга, республиканинг Фарғона вилоятидан экспорт қилинувчи қуритилган мева маҳсулотларининг ҳар бир партияси учун дастлабки электрон хабарнома ҳамда маҳсулотнинг фитосанитар хавфсизлигини тасдиқловчи лаборатория текширув хулосалари илова қилинади», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Ветеринария ва фитосанитария бўйича федерал хизмати 7 декабр куни қуритилган ўрик партиясида хавфли зараркунанда — капр қўнғизи аниқлангани сабабли Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан барча ўсимлик маҳсулотларини олиб киришга тақиқ қўйганди.

29 декабр куни «Росселхознадзор» Қашқадарё ва Навоийдаги корхоналарга помидор экспорт қилиш ҳуқуқини тиклагани хабар қилинганди.

Top