Куни кеча ижтимоий тармоқларда Azon.uz сайти бош муҳаррири Абдулазиз Муборак сайт фаолиятига бўлаётган босимлар ортидан ишдан кетишини эълон қилди. Сайтга босим қилаётган ташкилот номини эшитиб ҳайрон қолмаса ҳам бўлади, лекин ташкилот масъул ходими сайтдан олдириб ташлашни талаб қилаётган мақолалар одамни ҳайрон қолдиради.
Мақолаларнинг бирида Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги маҳаллалардан бирини қорилар маҳалласи сифатида ихтисослаштириш ҳақида гапирган бўлса, яна бирида 2016 йилда Шавкат Мирзиёев ҳукуматга келгач диний соҳада тикланган ҳуқуқ ва эркинликлар ёритилган.
Қизиқ эмасми, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари президент Шавкат Мирзиёевнинг хайрли таклифлари ёритилишини ва қилган ишлари эътироф қилинишини хоҳламаётган бўладими, шунда? Наҳотки, Дилшод Эшнаев бугунги бўлаётган ўзгаришларга, президентнинг очиқлик ва эркинлик сиёсатига қарши бўлса?
Дин ишлари бўйича қўмита берган расмий баёнотда, қўмита Azon.uz сайтида эълон қилинган мақолаларни олдириб ташлаш бўйича топшириқ бермагани айтилган.
Azon.uz муассиси, диний олим Мубашшир Аҳмад қўмитанинг ушбу баёнотидан сўнг Facebook'даги саҳифасида жонли эфирга чиқиб, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев 3 февраль куни унга қўнғироқ қилиб, чиндан ҳам ҳақоратлаганини таъкидлади.








