18:44 / 06.02.2021
59721

АОКА «Ҳукмдор Усмон» сериали намойиши тўхтатилиши билан боғлиқ хабар юзасидан муносабат билдирди

Агентлик муносабатида сериалнинг эфирдан олинишига сабаб бўлган омиллар ва унинг қайта эфири учун нима қилиниши кераклиги борасида сўз боради.

4 февраль куни Kun.uz сайтида «Ҳукмдор Усмон» сериалининг «Mening yurtim» телеканали эфиридан олинишига оид хабар эълон қилинган эди. 

Унда телеканалнинг шахсини очиқламаслик шарти билан гапирган вакили телесериал намойиши Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Эшнаевнинг бевосита аралашуви (хати) билан тўхтатилгани ҳақида маълумот берганди.

Кеча, 5 феврал куни АОКА матбуот хизмати вакили ушбу хабар юзасидан Kun.uz’га агентликнинг муносабатини билдирди.

Унга кўра, «Mening yurtim» телеканалида сериал намойишининг тўхтатилишига ҳақиқатда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Эшнаев ва АОКА раиси Асад Хўжаевнинг хати асос бўлгани ойдинлашади.

«Аммо бунга асос бўладиган сабаблар бор. Келинг бошидан тушунтираман.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан 2020 йил 2 декабрь куни агентликка хат йўлланган. Унда «Mening yurtim» телеканали орқали Туркия республикасида суратга олинган «Ҳукмдор Усмон» номли сериал эфирга узатилаётгани, унда турк ва византияликлар орасидаги ихтилофлар диний омиллар орқали акс эттирилиши туфайли насронийларга нисбатан салбий муносабат аломатлари, шунингдек, маиший ҳаётда шаръий жазоларни қўллаш, жиҳод ва шаҳидлик тушунчаларининг нотўғри талқин қилинишига туртки бўладиган лавҳалар борлиги айтилган.

Шу билан бирга, ушбу хатда қўмитанинг экспертлик гуруҳи мазкур сериал давлат диншунослик экспертизасидан ўтказмасдан эфирга узатгани маълум қилинган.

Биз тегишли қарор талаблари ва Дин ишлари бўйича қўмита мурожаатидан келиб чиқиб, телеканал томонидан эфирга узатилаётган бу сериал мониторингини ўтказдик.

Мониторингда маълум бўлдики, телеканал сериални намойишидан аввал давлат диншунослик экспертизасидан ўтказмаган. Улар фақат ўз бадиий кенгаши қарори билан иш кўрган.

Маълумки, республика ҳудудида диний материалларнинг диншунослик экспертизасидан ўтказилмасдан тарқатилиши Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган «Диний материалларни давлат диншунослик экспертизасидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом талабларига зиддир. 

Биз мана шулар ҳақида телеканални огоҳлантирдик ва ундан кейин қилинадиган ишлар ҳақида ахборот сўрадик, эфирдан «олиб ташла» деган гап йўқ. 

Аммо бунинг учун сериал Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилган ҳолда (расман хат киритиш йўли билан) турли маросим ва ақидалар билан боғлиқ саҳналардан «тозаланиши» керак. Бу ҳам мажбурий эмас, шунчаки тавсия этилади. Телеканал мазкур сериални қайта намойиш қилиши мумкин», – деди матбуот хизмати вакили Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Эслатиб ўтамиз, турк ва ўзбек киноижодкорлари томонидан яратилган, тарихий фактларга асосланган «Ҳукмдор Усмон» сериали Ўзбекистонда намойиш этила бошлаганидан 2 ҳафта ўтиб, 2020 йил 17 декабрда эфирдан олинган эди.

Top