29 январ куни Вазирлар Маҳкамаси хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар ва хизматларнинг давлат харидларидаги иштирокини чеклашни назарда тутувчи «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора- тадбирлари тўғрисида»ги қарорни тасдиқлади.
Ҳужжатда чекланган товарлар рўйхатига озиқ-овқат, электротехника, кимё саноати, тўқимачилик, транспорт эҳтиёт қисмлари, пластмасса, қоғоз, керамика, шиша, металл буюмлар ва бошқа турдаги маҳсулотларнинг 529 хили киритилган.
Мазкур тақиқ иқтисодчилар томонидан турлича талқин қилинмоқда. Хусусан, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Достон Ғофуров ушбу рўйхатдаги барча маҳсулотлар ўзимизда ишлаб чиқарилиши импортни тўхтатиш учун асос бўла олади, деган фикрда.
«Жанубий Корея амалиёти билан яқиндан танишман. Улар ўзларида бўлган товарларни ҳеч қачон импорт қилмайди. Хитой ҳам шундай. Бизда ҳам вақтинча эмас, доимий чекловни қўйиш керак деб ўйлайман. Қарордаги рўйхатга асосан ўзимизда 100 фоиз мавжуд бўлган товар маҳсулотлари ва хизмат турлари киритилган. Уларнинг кўп қисми ўзимизда бўлгани учун бюджет маблағларини валюта кўринишида четга чиқиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади. Кутилаётган натижа ҳам шунда. Яъни ўзимизнинг пулимиз ўзимизнинг ишлаб чиқарувчиларга, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади», – дейди у Kun.uz мухбири билан суҳбатда.
Иқтисодчи олимнинг фикрича, ривожланган мамлакатларда давлат харидлари миллий валютани бошқа валюта кўринишида четга чиқиб кетишининг олдини олишга хизмат қилиши керак, деб ҳисоблашади. Импорт қилинаётган товар маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилса, хизмат тури ҳам бўлса-ю, хориж маҳсулотини маъқул кўрсак, улар пулни давлатдан олиб чиқиб кетади.
«Давлат ишончли буюртмачи бўлиш билан бирга, ишончли мижоздир. Агар унинг буюртмаси бажарилса, пулни аниқ ва тўлиқ ҳажмда олиш давлат харидлари тўғрисидаги қонунда кафолатланган. Буюртма бажарувчиси бошқа бир харидорга ярмини олиб қолганини кейин бериш каби ҳолатларга дуч келмайди», – дея қайд этди у.
Мавзу юзасидан билдирилган бошқа фикрларнинг асосий қисми танқидий-таҳлилий руҳда. Жумладан, молиячи мутахассис Абдулла Абдуқодиров бу қарордаги умумий камчиликка тўхталиб, «кейинги йилларда яна илгариги 25 йилда ўзини оқламаган иқтисодий сиёсатни –– рақобатбардош бўлмаган соҳаларни протекционизм орқали қўллашга уриняпмиз», дея таъкидлади.
Абдуқодировнинг айтишича, «бу ҳужжат кимларгадир, қандайдир ҳолатларда ишлайди, қандайдир ҳолатларда эса – йўқ».






