12:34 / 22.02.2021
3168

Январ ойида ташқи савдо айланмаси 22 фоизга камайди

Жорий йилнинг январ ойида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида экспорт 46 фоизга, импорт ҳажми эса 3,9 фоизга қисқарган. Экспортнинг кескин қисқаришини январ ойида олтин экспорт қилинмагани билан изоҳлаш мумкин.

2021 йилнинг январида республика ташқи савдо айланмаси 2 миллиард 303 миллион долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 657,6 миллион доллар ёки 22,2 фоизга камайди. Бу ҳақда Статқўм маълумот бермоқда.

Жорий йилнинг илк ойи давомида ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 694,8 миллион доллар, импорт ҳажми эса 1 миллиард 608,1 миллион долларни ташкил қилган. Таққослаш учун, январ ойида экспорт 46 фоизга (2020 йил январ ойида 1 миллиард 286,5 миллион долларни ташкил этган) импорт эса 3,9 фоизга (2020 йил январ ойида 1 миллиард 674 миллион доллар) қисқарган. Ҳисобот даврида 913,3 миллион доллар қийматида пассив ташқи савдо баланси қайд этилган.

Экспортнинг кескин қисқаришини январ ойида умуман олтин экспорт қилинмагани билан изоҳлаш мумкин. Ўтган йилнинг мос даврида 489,8 миллион доллар олтин экспорт қилинган. Ўзбекистон сўнгги уч йил ичида биринчи марта январ ойида олтин сотмади. Республика охирги 5 ой давомида қимматбаҳо металларни экспорт қилмаган. Охирги марта олтин 2020 йил август ойида сотилган.

2021 йил январида Хитой Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий ҳамкор давлати сифатида қайд этилган. Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 484,2 миллион долларни ташкил қилган. Шундан 147 миллион доллар экспорт улуши, 337,2 миллион доллар импорт улуши экани маълум қилинган.

Ўзбекистоннинг савдо шериклари орасида Россия иккинчи ўринда (ўзаро ташқи савдо айланмаси 429, 7 миллион доллар) қайд этилган. Кейинги поғоналарда Қозоғистон, Туркия, Франция жой олган.

Маълумот учун, 2020 йилнинг январ-декабр ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 36,3 миллиард АҚШ долларини ташкил қилиб, экспорт ҳажми 15,2 миллиард доллар, импорт ҳажми 21,1 миллиард доллар экани қайд қилинган.

Шунингдек, 2020 йилнинг январ-декабр ойлари якунлари бўйича республика ташқи савдо айланмасидаги экспорт ҳажмининг 38,3 фоизини олтин эгаллаган.

Top