Ўйиндан кейин журналистлар билан интервьюда «Турон» бош мураббийи Исломбек Исмоилов ўзбек футболидаги ҳакамларнинг қинғир ишлари ҳақида алам билан айтган гапларини эшитгандирсиз.

Ушбу воқеа ўзбек ҳакамлигидаги яраларни яна янгилади, дейиш мумкин.

Шу йилнинг январ ойида ФИФА ва ОФК ҳаками Шерзод Қосимовнинг уч йил муддатга футболдан четлатилгани хабар қилинганди. Бунга сабаб сифатида Ш.Қосимовнинг «ЎФA Интизом кодексининг 5.44-бандига асосан бир қатор футбол учрашувларида учрашувга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишувларда қатнашгани» кўрсатилди.

2020 йилнинг ноябр ойида ҳам ЎФА уч нафар ҳакамни (ФИФА ҳаками Жасур Мухторов, ЎФА ҳакамлари Аскер Нажафалиев ва Темур Тўхтасинов) футболдан четлатиб, 90, 70 ва 10 миллион сўмлик жарималар қўллаган. Ўшанда ҳам Мухторов ва Тўхтасиновга юқоридаги банд билан бир қатор футбол ўйинларида учрашувга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадидаги келишувларда қатнашганлик айби қўйилганди.

Бундан ташқари, шу йилнинг 12 февралида «Футбол соҳасида коррупцион ҳолатларга чек қўйиш бўйича кенг кўламли ишлар давом эттирилмоқда» сарлавҳали хабарда, ЎФА Этика қўмитаси йиғилишида ЎФА ҳаками О.Тўйчибоевни қўмита томонидан ЎФА Интизом кодексининг яна ўша 5.44-бандига асосан бир қатор футбол учрашувларида ўйин натижасига таъсир ўтказиш мақсадидаги келишувларда қатнашгани учун 1 йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштириш ҳақида қарор қабул қилингани маълум қилинди.

Юқоридаги ҳолатда ЎФАнинг ўзи ўз сайтида берган хабарда мазкур ҳолатларни футбол соҳасидаги коррупцион ҳолат сифатида эътироф этган.