Ўзбекистон | 09:37 / 17.04.2021
30428
8 дақиқада ўқилади

Қаршида ИИБ мансабдори журналистга таҳдид қилди. Тафсилотлар

16 апрел куни Daryo.uz интернет-нашрининг Қашқадарё вилояти бўйича мухбири Отабек Қўлдошевга ички ишлар органлари ходимлари томонидан босим қилиниб, унинг хизмат гувоҳномаси ва техникаси тортиб олинган.

Журналист Қарши шаҳридаги Кўкгумбаз жоме масжидида, Рамазон ойининг биринчи жума намози ҳақида фоторепортаж тайёрлаётганда ички ишлар ходимлари унинг фаолиятига тўсқинлик қилишган.

«Муборак Рамазон ойининг илк жума намози қандай ўтаётгани ҳақида фоторепортаж уюштириш учун бугун соат 12:30лар атрофида Кўкгумбаз жоме масжидига бордим. Одатда ички ишлар ходимлари масжидга кириш жойда туришади. У ердаги ходимларнинг ҳаммаси масжидга камера билан кираётганимни кўришди.

Ичкарига кириб суратлар олдим, фоторепортажни деярли тугатганимда бош кийимсиз ИИБ ходимлари келиб, нимага суратга олаётганимни сўрашди. Журналистлигимни ва Daryo.uz мухбири эканимни айтдим. Хизмат гувоҳномамни сўрашганида, машинамдалигини айтдим. Улар олиб келишимни сўрашганида бориб олиб келдим. Жума намози кунлари масжид атрофи тирбанд бўлгани сабабли ҳужжатни олиб келишимга 5-10 дақиқа вақт кетди.

Гувоҳномамни олиб келиб кўрсатдим ва мени масжиддан қўли билан суриб чиқармоқчи бўлган, хизмат фаолиятимга қаршилик қилган ходимдан нега бундай қилганини, хатти-ҳаракатлари учун изоҳ беришини сўрадим. Шу пайтда у куч ишлатиб, телефонимни тортиб олди. Бу телефонимда олинган видеода ҳам акс этган. Шундан сўнг ички ишлар ходимлари мени жиноятда гумонланувчиларни ташийдиган махсус машинага босиб олиб кетишди», – дея Отабек Қўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Отабек Қўлдошев

Журналист йўлда ИИБ ходимларидан қаерга олиб кетаётганини сўраган. Ходимлар уни қаерга олиб кетишаётганини билмасликларини, топшириқни бажаришаётганини таъкидлашган.

«Машинада Қарши шаҳар 1-сонли ИИБга олиб келишди. Ичкарига кирганимизда исм-фамилиямни ёзиб, жараён бўйича ишни бошлашди. Мен уларга ИИБ биносига келган ҳар бир инсон яқинларига қаердалигини айтиш ҳуқуқи борлиги учун яқинларимга ва таҳририятимга хабар беришимга рухсат беришларини илтимос қилдим. Улар иложи йўқлигини айтишди.

Рашид исмли «участкавой» билан гаплашганимизда, ундан ИИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати Ирода опага телефон қилинг дедим. Рақамини сўраганди, ёддан билмаслигимни ва телефонимни беришса, топиб беришимни айтдим. Ўзида бор экан, қўнғироқ қилди. Мен ҳам гаплашишга ижозат сўраб гаплашдим. Ирода опага вазиятни ва бўлган ҳолатни айтиб бердим.

ИИБ ходими шахсимга оид маълумотларни ва яшаш манзилимни ёзиб олди. Ушбу ҳолатни тасвирга ҳам олишди. Шу вақтда яқинларимга ва таҳририятга қаердалигимни айтиб қўйиш, яъни қонуний ҳуқуқларидан фойдаланишим учун рухсат сўрадим. Бўлим ходимлари бинонинг ичида телефондан фойдаланишга рухсат йўқлигини айтишгач, ташқарида қўнғироқ қилиб олишга изн олдим. Шундан сўнг яқинларимга, Daryo.uz таҳририятига ҳолат бўйича хабар бердим», – дейди Отабек Қўлдошев.

Унинг айтишича, Қашқадарё вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ирода Расулова телефон орқали суҳбатда бошлиғи билан гаплашишини ва вазиятни юмшатишини айтган. Расулова журналистдан унга жароҳат етказишгани ёки йўқлиги билан қизиққан. Қўлдошев ИИБ ходимлари жароҳат етказишмагани, лекин телефонини мажбуран олиб қўйишганини билдирган.

«Тан жароҳати етказилгани йўқ. Фақат битта нарса нафсониятимга тегди – иш вазифамни бажарётгандим, журналистлигимни айтдим, хизмат гувоҳномамни ҳам кўрсатдим.

Ўзимни ҳимоя қилишим, эртага бирор гап-сўз бўлса, сўзларимни тасдиқлайдиган далил бўлиши учун ходимлар билан суҳбат жараёнини видеога олаётганимда куч ишлатиб телефонни тортиб олишди. Бу ҳам етмагани каби мени худди жиноятчидек машинага тиқиб олиб кетишди.

Билмадим, балки ИИБ ходимларининг кундалик фаолияти шундай ўтар. Дуч келган одамни олиб бориб тиқ, қама дейиш тизимдагиларнинг одатидир. Шу жараёнга ойдинлик киритишларини хоҳлайман. Хизмат гувоҳномамни тақдим этгандим ахир», – дейди журналист.

Ирода Расулова ички ишлар ходимлари журналистни танишмагани учун тушунмовчилик рўй берганини таъкидламоқда. У журналист ва блогерлар билан суҳбатда улардан иш жараёнида ҳужжатларини ўзлари билан олиб, бейжикларини тақиб юришларини илтимос қилди.

Журналистлар ички ишлар ходимлари Отабек Қўлдошевни қандай буйруққа асосан идорага олиб келишгани, бу жараён бўлим дафтарида нима деб қайд қилингани билан қизиқди.

«ИИБ ходимларини ва профилактика инспекторларининг иш фаолиятига аралашишга ёки уларни белгиланмаган тартибда съёмка қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Сизга изоҳ керак бўлса, марҳамат, матбуот котиби орқали олишингиз мумкин. Айни пайтда рўй берган ҳолат ўрганилмоқда. Хизмат текшируви ўтказилгач, натижаси бўйича расман маълумот берамиз», – деди Ирода Расулова.

Ирода Расулова

Маълум бўлишича, расмий қайдномада Отабек Қўлдошев ИИБ бўлимига шахсига аниқлик киритиш мақсадида келтирилгани ёзилган.

«Шахсим уларга аниқ эди. Гувоҳномамни ўқиб, кейин «тиқиш»ни буюришди. Участка нозири Рашид ака нотўғри топшириқлигини била туриб (у воқеа бўлганида ёнимизда эди), фуқарони нега олиб кетишим керак деб сўрамади. Бошлиғининг буйруғига бўйсунишини ва тўғри ёки нотўғрилигини муҳокама қилолмаслигини айтди», – дейди журналист.

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати ҳолатга муносабат билдириб, касб этикасини бузган ходимнинг ҳаракатлари ўрганиб чиқилиб, ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Қарши шаҳар ИИБ ходими журналистга нисбатан бир нечта қонун нормаларини қўпол равишда бузган дея баёнот берди.

«Хусусан, "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуннинг 8-моддасига кўра, журналист журналистлик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади. Мазкур қонуннинг 10-моддасига кўра, давлат журналистга ахборотни эркин олишини ва тарқатишини кафолатлаши, ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлаши лозим, 14-моддада эса журналистнинг ушбу қонунда белгиланган ҳуқуқларини бузганлик, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Шунингдек, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунининг 9-моддасида «Ички ишлар органлари ўз фаолиятини очиқ ва шаффоф тарзда, ...оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга ошириши» зарурлиги белгиланган.

Ушбу ҳолат юзасидан Агентлик ўз ваколати доирасида Ички ишлар вазирлигига сўров юборди.

АОКА айни пайтда давом этаётган хизмат текшируви натижаларини синчковлик билан кузатиб боради. Ишонамизки, Ички ишлар вазирлиги амалдаги қонунчилик нормаларини четлаб ўтган ходимнинг хатти-ҳаракатларига муносиб баҳо беради ҳамда тегишли чора кўради.

Таъкидлаш жоиз, бу каби ҳолатлар сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, журналистларнинг эркин фаолият кўрсатиши борасидаги давлат сиёсатига зиддир. Агентлик, ўз ўрнида, барча даражадаги давлат идоралари ходимларини ахборот қонунчилиги ҳамда журналистлар ваколатларига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақиради», – дейилади Президент Администрацияси ҳузуридаги агентлик баёнотида.

Мавзуга оид