Аввалроқ онлайн аукциондан кўчмас мулк сотиб олиб, Жиззахдаги судьяларнинг мантиқсиз қарорлари сабаб муаммолар гирдобига кириб қолган тадбиркор аёл Гюнел Алиеванинг ҳуқуқлари Олий судда тикланган бўлишига қарамай, Жиззахдаги судларда навбатдаги «кўзбўямачиликлар» бошлангани ҳақида ёзилганди.

Хусусан, мақолада бино низоли бўлиб тургани ҳамда унинг Рустам Аҳатовга сотилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган бўлишига қарамай, ФИБ Жиззах туманлараро суди 2021 йил 19 январ куни ушбу даъво аризасини қисман қаноатлантириб, жавобгарга бинони давлат рўйхатидан ўтказиш мажбуриятини юклаш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаргани, бундан норози бўлган Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилоят бошқармаси низоли бўлиб турган бинони айни вақтда Рустам Аҳатов номига рўйхатдан ўтказиш имконсизлиги туфайли ушбу ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти келтиргани, бироқ вилоят суди ҳам 2021 йил 4 март кунги ажрими билан юқоридаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиргани тўғрисида сўз юритилган.

Шунингдек, бу ерда энг эътиборли жиҳат – Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 16 февралдаги ажримида аукцион ғолиблик баённомасини расмийлаштиришда қонун талаблари бузилгани ҳолатлари мавжуд эмас, дейилган ва бу ажрим ФИБ Жиззах вилоят судига тақдим этилган бўлса-да, вилоят суди ўз билганидан қолмай, Олий суд томонидан чиқарилган ажримнинг мазмунига зид бўлган қарор қабул қилганига алоҳида урғу берилган.

Маълум бўлишича, ушбу воқеалардан кейин Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилоят бошқармаси ФИБ Жиззах туманлараро судининг 2021 йил 19 январ кунги ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўришни сўраб шу судга ариза беради.

2021 йил 19 март куни суд ажрим чиқариб, Олий суднинг 2021 йил 16 февралдаги ажримига асосан аризани қаноатлантиради, яъни юқоридаги ҳал қилув қарорини бекор қилади ва ишни қайта кўришга тайинлайди. 

ФИБ Жиззах туманлараро суди ишни қайта кўриб, 2021 йил 29 март кунги янги ҳал қилув қарори билан даъвогар Рустам Аҳатовнинг жавобгар Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилоят бошқармасига нисбатан нотурар жой биносини давлат рўйхатидан ўтказиш мажбуриятини юклаш ҳақидаги даъво аризасини қаноатлантиришни рад этади.

Қизиқ томони, аввалги сафар бинонинг низоли бўлиб тургани ҳамда унинг Қосимжон Ҳусанов томонидан Рустам Аҳатовга сотилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилгани фактига кўз юмиб, бино Рустам Аҳатовга расмийлаштирилиши керак, деган қарорга келган худди шу суд бу сафар қарор чиқаришда ушбу фактларни ҳам инобатга олибди.