Сурхондарё вилояти Бойсун туманида Хоразм вилоятида яшовчи шахс бошқарувидаги юк машинаси йўл-транспорт ҳодисасига учраган. Оқибатда ҳайдовчи вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 22 апрель куни соат 21:40ларда М39 Олмаота – Тошкент – Термиз халқаро автомобиль йўлининг Сурхондарё вилояти Бойсун туманидан ўтувчи 1322-километрида ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Қайд этилишича, Хоразм вилоятида яшовчи 31 ёшли ҳайдовчи йўл белгиларига эътибор бермасдан тез ҳаракатланиб келган. У хавфли бурилишда юк машинасини бошқара олмаган ва юк машинаси йўл четига ағанаб кетган. Натижада, оғир тан жароҳатлари олган ҳайдовчи ҳодиса жойида вафот этган. Шунингдек, юк машинаси ҳам яроқсиз ҳолга келган.