Қонунчилик палатаси депутати, ХДП фракцияси аъзоси Улуғбек Вафоев «Давлат тили ҳақида»ги қонун лойиҳасининг 12-моддаси бўйича партия тутган позицияга қарши бўлганларни «онгсиз оломон», деб атади. У бу ҳақдаги фикрларини ўзининг Facebook саҳифасида қолдирган.
«ХДПни тошбўрон қилишга бел боғлаган онгсиз оломонга тушунарли бўлиши учун соддароқ тушунтирдик», деб ёзган сиёсатчи партия медиа хизмати томонидан тайёрланган қуйидаги суратга изоҳ бериб.

Депутатнинг бу пости оммавий мулоқот тармоғи фойдаланувчиларининг кескин норозилигига сабаб бўлмоқда.
«Мен партиянинг бир овоздан қарши чиққанини қоралайман. Гарчи ўзим шу партия аъзоси бўлсам-да», – дейди фойдаланувчилар бири.
Бошқа бир тармоқ фойдаланувчиси эса партияни «қўғирчоқ коммунистлар» деб ёзади.
«Ўзбекистонда фуқаро сифатида муқим яшар экан, ҳеч бўлмаса, шундай оддий сўзлашув даражасида ҳамма ўзбек тилини билиши шарт деб ўйлайман. Аслида билади, фақат аниқ меъёр бўлмагани учун ишлатмайди ёки ишлатишни хоҳламайди», – дейди Мирзоҳид Қодиров исмли фойдаланувчи.
Эътибор Қурдошева номли фойдаланувчи эса партия вакиллари ва тармоқ фойдаланувчиларига қуйидаги мазмунда савол ташлайди:
«Ўз тилини ҳимоя қилган халқ оломон ҳисобланса, ХДП деган партия қайси юртнинг партияси экан? Ўз тилини ҳурмат қилмаган депутатлар миллатни ҳурмат қилади деб ким айта олади?»
Kun.uz мухбири Қонунчилик палатаси депутати Улуғбек Вафоевнинг ўзи билан боғланди ва пост бўйича тўлиқроқ изоҳ беришни сўради.
«Бу фикр масаланинг моҳиятига етмай, тушунмай, ўрганмай туриб, фақат «деди-дедилар» билан фикр юритаётганларга айтилган. Айримлар бу гапни сайловчиларга, халққа айтилган деб ҳар томонга буришга ҳаракат қиляпти. Ўзи аслида масала шундан бошландики, ҳукумат томонидан «Давлат тили ҳақида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш бўйича қонун лойиҳаси киритилган. Бу бир йил давомида Қонунчилик палатасида қўмита томонидан муҳокама қилинди. Депутатлар иштирокида бир йил давомида маромига етказилди. Бунда ХДП партияси ҳам иштирок этган.

















