Бир неча ой аввал биз билан суҳбатлашган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов ҳозирги замон матбуотининг ажралмас қисми бўлган ижтимоий тармоқларга доир қонунчиликдаги ўзгаришлар ва хорижий мулкдорларга қўйилаётган талаблар ҳақида гапириб ўтган эди.

«Аслида ҳар бир давлат фуқароларининг маълумотлар базаси ўша давлатнинг ўзида бўлгани тўғри. Масалан, Facebook’даги Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари жойлашган серверлари ўзимизда бўлиши тўғри. Худди шунақа бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам.

Лекин, бу қанчалик улар [хориждаги мулкдорлар] учун иқтисодий тарафдан маъқул нарса? Бу катта савол. Чунки сизни ҳеч ким Facebook, Instagram ёки Twitter’га мажбурлаб киргизмайди. Улар сервисни яратди ва ҳаммага имкониятни тенг қилиб қўйди. Хоҳланг киринг, хоҳламасангиз йўқ, аслида.

Ушбу дастурларга кириб фойдаланаётган ҳар бир инсоннинг телефонида иловаларни ўрнатишдан аввал, расмлар, контактлар, жойлашув ва бошқа маълумотлар учун доступ сўралади. Биз тушунмасдан расм юборишим учун керакдир деб розилик бериб юборамиз, аслида илова расмларингиздан тортиб барча шахсий маълумотларингизни олиб чиқиб кетишга ҳуқуқи бор.

Барча фуқароларнинг шундай маълумот бир жойда жамланганидан кейин бу катта бир қуролга айланади. Бу ҳар қандай давлатга нисбатан уларнинг имкониятлари ва таъсир кучини оширади. Шу каби хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам [серверларнинг] Ўзбекистонда бўлиши муҳим.

Лекин, бу қонун бўлиши ва ишга тушишини сал эртароқ деб ҳисоблайман. Чунки бундай қонунни чиқариб, уни амалга оширишимиздан олдин, ўзимизда шуларга нисбатан альтернатив ресурсларни яратиб олишимиз керак эди. Масалан, Россияда ҳам шу қонун бор, матбуотда ўқияпмиз, ҳозир уларда шу мавзуда «жанг» кетяпти.