Халқаро диний эркинлик масалалари бўйича АҚШ комиссияси Ўзбекистонда диний эркинликка риоя этилиши бўйича 2020 йилги кузатувлари хулосасини тақдим этди.
Ҳисобот аввалида Ўзбекистонда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун янгиланаётганига эътибор қаратилган.
Ҳукумат 2020 йил давомида халқаро ҳуқуқшунос олимлар билан дин тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш масаласида маслаҳатлашувлар ўтказди, дейилади ҳисоботда.
Таъкидланишича, Ўзбекистон расмийларининг илтимосига кўра, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ва Европа Кенгашининг Венеция комиссияси «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ўрганиб чиқиб, қўшма хулоса берган.
Хулосада лойиҳадаги айрим ижобий янгиликлар эътироф этилган, бироқ ҳукумат дин ва диний эркинлик устидан «қатъий ва кескин чоралар кўриши мумкинлиги» белгилангани салбий қарши олинган.
«Қонун лойиҳаси инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга ва ЕХҲТ олдида инсон ҳуқуқлари борасида олинган мажбуриятларга тўла мос келиши учун жиддий қайта кўриб чиқилиши керак», – дея таъкидланган ЕХҲТ ва Венеция комиссиясининг қўшма хулосасида.
Халқаро ташкилотлар қонун лойиҳасида диний фаолият ва диний ташкилотлар мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказилиши, давлат рўйхатидан ўтказиш учун ортиқча талаблар борлиги, диний материалларга цензура сақланиб қолаётгани, давлат амалдорларининг диний соҳада ҳаддан зиёд эркинлиги ва диний ташкилотнинг автономия ҳуқуқига аралашув борлигини танқид қилган.
АҚШ комиссияси докладида «таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси»га иқтибос келтирилган ҳолда айтилишича, янги таҳрирдаги қонун лойиҳасининг амалдаги қонундан деярли фарқи йўқ, чунки унда «ҳали-ҳамон давлат рухсатисиз дин эркинлигини амалга ошириш тақиқланади, давлат рухсатисиз диний таълим бериш ман этилади, ҳукумат дин ҳақидаги барча материалларни цензура қилади ва динига бошқаларни даъват этиш тақиқланади».
Kun.uz Сенат матбуот хизматидан олган маълумотга кўра, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири юқори палатага келиб тушган. Қонун ҳозирда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан кўриб чиқилмоқда.















