24 апрель куни «Сардоба» сув омбори тўғонидан сув тошиши оқибатларини бартараф этиш ва ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси раиси, бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида «Сирдарё вилоятида сув тошқини талофатларини бартараф этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар» мавзусида йиғилиш бўлиб ўтган.
Тадбиркорларнинг бу муаммоли масаласини ёритиб келаётган Kun.uz йиғилиш баёнини қўлга киритди.
Йиғилишда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси томонидан берилган ахборотга кўра, зарар кўрган 68 та балиқчилик хўжаликларига (уларнинг умумий майдони 2431 гектар) 64,5 млрд сўм зарар ҳисобланган.
Шунингдек, 94 гектар майдонга эга 3 та зарар кўрган балиқчилик хўжаликлари бўйича киритилган маълумотлар тасдиқланмагани, 1018 гектар майдонга эга 2 та зарар кўрган балиқчилик хўжаликлари бўйича етказилган зарар миқдорига Ҳукумат комиссиясининг ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш ташкил этиш орқали аниқлик киритиш таклиф этилган.
Йиғилиш баёнига кўра, молия вазирига зарарларни қоплаш учун талаб этиладиган маблағларни республика бюджетидан босқичма-босқич ажратиш ҳамда заруратга кўра «2021 йил учун Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритиш таклифини бериш топширилган.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасига Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида фавқулодда ҳодиса оқибатида зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларини 2022 йил 1 ноябрга қадар барча солиқ тўловларидан озод қилиш юзасидан 2021 йил 1 июнга қадар Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш топшириғи берилган.
Ушбу масала 25 май куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлисида кўриб чиқилган.
Сенат Кенгаши Ҳукумат комиссияси томонидан ҳисоблаб чиқилган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига етказилган зарар миқдорини қоплаш ҳамда ирригация ва мелиорация тармоқларини қуриш-таъмирлаш ишлари учун зарур бўладиган маблағ – 126 миллиард сўмни республика бюджетидан босқичма-босқич ажратиш таклифини маъқуллаган.
Республика бюджетидан Сирдарё вилояти маҳаллий бюджетига ажратилган 64 миллиард сўм маблағ вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг 2021 йил 10 майдаги фармойиши билан балиқчиларнинг ҳисобрақамларига ўтказиб берилган.

















