Ўзбекистон | 08:15 / 19.09.2021
25803
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон – 2020 йил энг кўп уран қазиб олинган бешинчи давлат

Жаҳон ядро ассоциацияси маълумотларига кўра, ўтган йил давомида энг кўп уран Қозоғистонда қазиб олинган бўлиб, бутун дунёда қазиб олинган ураннинг 41 фоизини ташкил қилган.

Фото: Getty Images

Дунё конларидан табиий уран ишлаб чиқаришнинг учдан икки қисми Қозоғистон, Канада ва Австралия ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу ҳақда Жаҳон ядро ассоциацияси маълумот бермоқда.

2020 йилда қазиб олинган ураннинг энг катта қисми Қозоғистон ҳиссасига тўғри келган. Қўшни республикада ўтган йил давомида 19,44 тонна уран ишлаб чиқарилган ва бу кўрсаткич дунё бўйича қазиб олинган жами ураннинг 41 фоизини ташкил этади. Кейинги поғоналарни Австралия (6,2 минг тонна), Намибия (5,41 минг тонна) ва Канада (3,88 минг тонна) банд этган.

Ушбу рўйхатда Ўзбекистон бешинчи ўринда қайд этилган. Ўтган йил давомида республикада 3,5 минг тонна уран қазиб олинган. Бу кўрсаткич 2019 йилда ҳам 3,5 минг тонна, 2018 йилда эса 3,44 минг тоннани ташкил этган.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда аниқланган уран конларида 132,3 минг тонна уран ресурслари мавжуд эканлиги қайд қилинган. Бу бутун дунё бўйича барча уран ресурсларининг 2 фоизини ташкил қилади.

Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) бош директори ўринбосари Нурмат Жулибековнинг «Экономическое обозрение» журналида чиққан мақоласига кўра, Ўзбекистонда олинувчи уран республикада қўлланмайди ва тўлиқ ҳажмда хорижга экспорт қилинади. НКМК Ўзбекистонда табиий уран олувчи ягона корхона ва дунёдаги етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Корхона Жаҳон ядро ассоциацияси аъзоси ҳисобланиб, бугунги кунда уранни дунёнинг етакчи компаниялари, жумладан, AREVA NC (Франция), Converdyn (АҚШ), Cameco (Канада), CNEIC (ХХР) ва бошқаларга экспорт қилади.

Мавзуга оид