Маълум қилинишича, жорий йил 21 сентябрь куни соат 00:15ларда Косон тумани Навбаҳор маҳалласи ҳудудидан ўтувчи айланма йўлда одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Қайд этилишича, Косон тумани Нартибаланд маҳалласида яшовчи, 1995 йилда туғилган Д.М. ўз бошқарувидаги «Жигули» машинаси билан туманнинг Месит маҳалласида яшовчи 1997 йилда туғилган Р.М. бошқарувида бўлган «Тико» машинасига бориб урилган. Оқибатда, ҳар иккала машинанинг ҳайдовчилари оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонада вафот этган.
Дастлабки суриштирувда аниқланишича, ҳайдовчи Д.М. «Жигули» машинаси билан қоидаларни бузган ҳолда ҳаракатланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Косон тумани Ички ишлар бўлимининг тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидланишича, бугун, 24 сентябрь куни Косон тумани ИИБ бошлиғи И.Қутлимуродов ва бошқа масъуллар иштирокида тумандаги 6-мактабда мазкур йўл-транспорт муҳокамасига бағишланган муҳокама ўтказилган. Муҳокамада фуқароларга йўл қоидаларига амал қилиш лозимлиги уқтирилган.







