Ўзбекистон | 15:36 / 11.11.2021
2716
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда Экология партиясига берилган бинони таъмирлаш учун бюджетдан 360 миллион сўм ажратилади

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёда Экология партиясига берилган бинони бюджет маблағлари ҳисобидан таъмирлаш учун 360 миллион сўм ажратилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz хабар юзасидан вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқовдан изоҳ олди.

Аҳрор Содиқовнинг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар тўғри. Ҳақиқатан ҳам Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг жорий йил 2 ноябр куни ўтказилган навбатдаги сессиясида бир қатор қарор лойиҳалари тасдиқланган.

Улар орасида Қарши шаҳар ҳокимлиги балансидаги собиқ ҳарбий госпиталь биносини Ўзбекистон экологик партияси Қашқадарё вилоят кенгашига мослаб ва вилоят ҳокимлиги маъмурий биносининг ташқи фасадини капитал таъмирлашни назарда тутувчи қарор лойиҳалари ҳам бўлган.

Жорий йил 8 ноябр куни вилоят ҳокими «Ўзбекистон Экологик партияси Қашқадарё вилоят кенгаши биносини капитал таъмирлаш ишлари билан боғлиқ харажатларга маблағ ажратиш тўғрисида»ги ва «Вилоят ҳокимлиги иккинчи маъмурий биноси фасадини капитал тамирлаш ишлари билан боғлиқ харажатларга маблағ ажратиш тўғрисида»ги қарорларни имзолаган.

Юқоридаги қарорлар бўйича вилоят «Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг» компаниясига вилоят маҳаллий бюджетининг 2021 йил III чорак даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан собиқ ҳарбий госпиталь биносини таъмирлаш учун 360 миллион сўм, вилоят ҳокимлиги иккинчи маъмурий биноси фасадини капитал таъмирлаш учун 215 миллион сўм ажратиш белгиланган.

Ғайрат Йўлдошев
Муаллиф Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид