Ўзбекистон | 11:53 / 16.11.2021
1706
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда СЭОМ ходимларининг қарийб 500 миллион сўмлик иш ҳақлари тўлаб берилмагани учун бошқарма мулклари хатланди

Қашқадарё вилоятида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Қашқадарё вилоят бошқармаси ходимларининг қарийб 500 миллион сўмлик иш ҳақлари тўлаб берилмагани учун бошқарманинг мулклари хатланган. Бу ҳақда Kun.uz’га МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Kun.uz / Муҳаммаджон Ғаниев

Маълум қилинишича, Мажбурий ижро бюроси Қарши шаҳар бўлими иш юритувида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Қашқадарё вилоят бошқармасидан ўз ходимларига 485 миллион 567 минг 740 сўмлик иш ҳақи, маънавий зарар ва махсус қўшимча рағбатлантириш пулларини ундириш ҳақидаги жами 15 та ижро ҳужжатлари мавжуд.

Қайд этилишича, ижро ҳужжатларидан 13 таси бевосита 2020 йилда коронавирус пандемиясига қарши курашишга  жалб қилинган тиббиёт ходимлари фойдасига рағбатлантириш пулларини ундириш билан боғлиқ.

Ушбу ижро ҳужжатлари юзасидан қарздор ташкилотга тегишли бўлган кўчмас мулк объекти, Nexia-3 ва Gentra автомобиллари хатлаб олинган ҳамда Nexia-3 машинаси электрон онлайн аукцион савдосига чиқарилган.

Бундан ташқари қарздорликларни ўз вақтида тўлаш чорасини кўрмагани учун бошқарма бош ҳисобчиси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 198-моддаси 2-қисмига асосан БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима жазосига тортилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид