Тошкент шаҳар бош режаси тақдимоти яна ортга сурилди: Бу «буза-буз» ва «шаҳарни тақсимлаш» учун яна бир имконият эмасми?
Ҳукумат Тошкент шаҳри ҳокимлигига шаҳар бош режасини 2022 йил охиригача ишлаб чиқишни топшириқ қилди. Лойиҳани тайёрлаш учун муддат бунгача ҳам бир неча бор ортга сурилганди.
Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри бош режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқланиши яна бир йил ортга сурилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 ноябрдаги 702-сонли қарори мазмунидан шуни англаш мумкин.
«Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига ўтказилган аҳоли пунктларини 2021-2024 йилларда комплекс ривожлантириш ҳамда коммунал хизмат кўрсатиш соҳасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида», деб номланган ва бир неча иловаларни ўз ичига олган қарорнинг 9-хатбошисида Тошкент шаҳар ҳокимлиги Қурилиш вазирлиги билан ҳамкорликда 2022 йил якунига қадар Тошкент шаҳар бош режаси ишлаб чиқилишини ва тасдиқлашга киритилишини, шунингдек, Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига ўтказилган ҳудудлар учун батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилишини таъминлаши кераклиги айтилади.
Таъкидлаш ўринлики, ушбу ҳужжат Тошкент шаҳар бош режасини ишлаб чиқишга доир илк топшириқ эмас. Бундан аввал ҳам пойтахт бош режасини ишлаб чиқишга бир неча муваффақиятсиз уринишлар бўлган ва ҳар сафар оммадан яширилган, номаълум сабабларга кўра бош режани эълон қилиш ортга суриб келинган.
Хусусан, 2018 йил 17 августда ПФ-5515-сонли президент фармони ҳам имзоланган бўлиб, унда Тошкент шаҳрининг тасдиқланган бош режаси мавжуд эмаслиги тартибсиз қурилишларга олиб келаётгани, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада кенгайтиришга имкон бермаётгани, шунингдек, ижтимоий объектларни комплекс жойлаштириш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини кенгайтиришни ҳисобга олган ҳолда пойтахтни фаол ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга тўсқинлик қилаётгани таъкидланган эди.
Мазкур фармонда Тошкент шаҳар ҳокимига 2018 йил 1 октябрга қадар муддатда Тошкент шаҳрининг бош режаси концепцияси ва Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича халқаро танлов ўтказишни таъминлаш вазифаси юклатилган. Тошкент шаҳрининг бош режаси концепцияси ва Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи функцияси Тошкент шаҳар ҳокими девонига юкланган эди.
Ҳужжатга мувофиқ, бевосита Тошкент шаҳар ҳокими 2019 йил 1 январга қадар Тошкент шаҳрининг бош режаси концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини; 2019 йил 1 декабрга қадар тасдиқланган Тошкент шаҳрининг бош режаси концепцияси асосида Тошкент шаҳрининг бош режасини тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим эди.
Шунингдек, президент фармони билан вазирлик ва идоралар Тошкент шаҳар ҳокими девонига Тошкент шаҳрининг бош режаси концепцияси ва Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаларини ишлаб чиқишда кўмаклашиш, ўз ваколатлари доирасида ушбу ҳужжатларнинг ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилиши учун зарур бўлган материаллар билан таъминлаши топшириғи ҳам берилган.
Алоҳида таъкид билан, Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқлангунга ва пойтахтни архитектура жиҳатидан ривожлантиришнинг истиқболлари аниқ белгилангунга қадар:
Тошкент шаҳрининг эски шаҳар қисмида бузиш, реконструкция қилиш ва капитал қурилиш бўйича ишларни олиб бориш тақиқланади, деб белгилаб қўйилган.
Қайд этиш керакки, президентнинг мазкур фармонини ҳозирча ҳеч ким бекор қилгани йўқ, яъни у ҳамон кучда, лекин унда белгиланган муддатлар аллақачон ўтиб кетган.
Сурилган муддатлар
Матбуотда дастлаб 2012 йил ёзида Тошкент шаҳри ва унинг атрофи бош режасининг 2030 йилгача ҳисобланган техник-иқтисодий асослари муҳокама қилингани ҳақида хабар берилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил августидаги фармони билан пойтахт ҳокимлигига 2019 йил 1 январга қадар Тошкентнинг бош режаси концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги Президент қарори лойиҳасини тақдим этиш, шунингдек, 2019 йил 1 декабргача тасдиқланган бош режа концепцияси асосида пойтахтнинг янги бош режасини тасдиқлаш тўғрисидаги Президент қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши тўғрисида топшириқ берган эди.
Тошкент шаҳар бош режаси концепцияси 2019 йил 1 январгача эълон қилинмагани бир ёқда турсин, унинг муддати бир неча бор сабабсиз ортга суриб келинди.
Дастлаб, 2019 йил февралида Тошкент шаҳри янги бош лойиҳасининг концепцияси 2019 йил апрелида тақдим этилиши маълум қилинди. Ўша вақтда шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлган Даврон Ҳидоятов Тошкент шаҳар бош режаси концепцияси лойиҳаси устида Хитой, Туркия, Буюк Британия компаниялари иш олиб бораётгани ҳақида айтди. Бунинг учун Тошкент 3D-камералар ўрнатилган вертолётлар воситасида, бош вазир Абдулла Арипов ва пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирокида «сканердан ўтказилиши» айтилди.
Орадан кўп ўтмай, аниқроғи, апрель ойи бошида, бу сафар шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳар бош режасининг концепцияси 2019 йил май ойида тақдим қилинишини эълон қилди. У Мирзо Улуғбек туманида ўтказган сайёр қабул чоғида «Тошкент шаҳар бош режаси 20 май куни тақдим этилади», дея санага ҳам ойдинлик киритганди.
2019 йилнинг июнь ойи охирида қурилиш вазири ўринбосари Шуҳратхўжа Ҳошимов кечикишга изоҳ бериб, «Тошкент шаҳри бош режаси концепцияси кечикаётгани шаҳар ҳокимлигининг муаммоси» эканини таъкидлаганди. «Ушбу концепция яқин 1,5-2 ой ичида тайёр бўлади», деганди у.
Ўша йилнинг охири, яъни 2019 йил 10 декабрда Даврон Ҳидоятов Сенат ялпи мажлисида қилган чиқишида «Тошкент шаҳри бош режаси 2020 йилда тақдим этилиши кутилаётгани»ни айтди.
2020 йил май ойида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев блогер Кирилл Альтманга берган интервьюсида бош режа масаласида шошилмаслик кераклигини айтди. Июнь ойи охирида бўлиб ўтган матбуот анжуманларининг бирида эса ҳоким стратегияни белгилашда ҳар доим ҳам бош режа лозим, деб ўйламаслигини таъкидлаган эди. «Ҳозир кўпчилик бош режа бўлса, ҳаётимиз осонлашиб қолади деган тушунчада юрибди. Аммо бош режа иқтисодий-сиёсий ёхуд бошқа соҳаларда ривожланишларни белгилаб беради дегани эмас», деганди ҳоким Ортиқхўжаев.
2020 йил декабрида қурилиш вазири ўринбосари Шерзод Ҳидоятов (2021 йилдан уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири) Ўзбекистон пойтахтининг қурилиш бош режаси 2022 йили тайёр бўлишини маълум қилди. «Бош режани ишлаб чиқиш учун дунёдаги етакчи лойиҳалаш ташкилотлари билан музокара олиб бориляпти. Бунда Эстония, Туркия, Европа ва АҚШдаги лойиҳа институтларининг урбанистикада тажрибали бўлган мутахассислари билан сўзлашмалар олиб борилмоқда. Айни пайтда бош режани ишлаб чиқувчи компанияни танлаб олиш учун танлов ўтказишга тайёрланяпмиз. 2022 йилда бош режа ишлаб чиқилади ва муҳокамага қўйилади. 2023 йилда Тошкент шаҳрининг бош режаси қабул қилиниши кутилмоқда», деди Ҳидоятов.
Президентнинг 2020 йил ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони билан 2025 йилга бориб барча шаҳарлар ва шаҳар посёлкаларининг 25 фоизини бош режалар билан қамраб олишга эришиш режалаштирилган.
Ишқилиб, 2022 йил охиригача бажариш белгиланган навбатдаги бош режа топшириғи ҳам «тагига олмасин-да». Ҳурматли ижрочилар, ахир шаҳар аҳолиси Тошкентнинг режасиз «ривожланиши»дан чарчади. Айтиш керакки, пойтахт бош режаси биринчи президент Ислом Каримов давридан бери ишлаб чиқилгани йўқ. Ўйлаймизки, навбатдаги ортга сурилиш «буза-буз» ва «шаҳарни тақсимлаш» учун яна бир имконият бўлиб қолмайди.
Толиб Раҳматов
Мавзуга оид
12:06 / 16.11.2024
“Биз тўғридан тўғри завод билан ишлаймиз”: Тошкентда 16 кунлик фирма одамларни “ҳалол лизинг”га машина олиб беришга ишонтирмоқда
16:21 / 11.11.2024
Тошкент шаҳри ҳавосини энг ёмон деб кўрсатган станция бузилиб қолди
14:14 / 24.10.2024
Пойтахт дренаж тизимини яхшилаш учун 6 млрд сўм ажратилди
20:45 / 09.10.2024