Ўзбекистон | 14:23 / 23.12.2021
14204
3 дақиқада ўқилади

Шўрчи тумани ИИБ бошлиғи ишдан олингани маълум бўлди

Подполковник Шавкат Мусурмонов хизмат фаолиятида жиддий камчиликка йўл қўйгани учун ишдан олингани айтилмоқда.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Шавкат Мусурмонов 11 декабрь куни вазир Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Сурхондарё вилоятида олиб борилган ўрганишлардан сўнг эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

“Ишчи гуруҳ томонидан жойларда аниқланган муаммоли масалалар ҳамда тезкор тадбирларнинг амалий натижалари вилоят ва туман-шаҳар ички ишлар органлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда танқидий муҳокама қилинган. Йиғилишда хизмат фаолиятида жиддий камчиликка йўл қўйган 28 нафар раҳбар ва ходим интизомий жавобгарликка тортилди. Жумладан, 2 нафар ходим ички ишлар органларидан бўшатилди, 14 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 1 нафари лавозим маошининг 30 фоизи миқдорда жарима, 3 нафарига “Қаттиқ ҳайфсан”, 2 нафарига “Ҳайфсан” берилди ва яна 6 нафарига бошқа чоралар кўрилди. Аксинча, ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашган, намунали хизмат қилиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган 31 нафар ходим рағбатлантирилди”, — дейилади вилоят ИИБ расмий сайтида эълон қилинган хабарда.

Бироқ хабарда ички ишлар тизимидан бўшатилган икки нафар ва лавозимидан озод этилган 14 нафар ходимнинг шахси очиқланмаган. Лавозимидан озод қилинган 14 нафар ходимнинг бири Шўрчи тумани ИИБ бошлиғи Шавкат Мусурмонов эканини вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Тошбоев Kun.uz’га тасдиқлади. Унинг айтишича, Мусурмонов “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш билан боғлиқ топшириқларнинг ижроси бўйича камчиликларга йўл қўйгани учун ишдан бўшатилган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Сурхондарё вилояти ИИБ бўлим бошлиғи сифатида хизмат қилиб келаётган подполковник Даврон Кенжаев Шўрчи тумани ИИБ бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган. У 2016–2018 йилларда ҳам Шўрчи тумани ИИБ бошлиғи бўлиб хизмат қилган. Кенжаев 2018 йили Шеробод тумани ИИБ раҳбарлигига ўтказилиши ортидан Шавкат Мусурмонов унинг ўрнини эгаллаганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўғриликда гумон қилинган икки фуқаро жиноятни бўйнига олиши учун Шўрчи тумани ИИБ ходимлари томонидан электр токи ёрдамида қийноққа солингани Kun.uz’да ёритилганди. Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Тошбоевнинг билдиришича, Шавкат Мусурмоновнинг ишдан олиниши бу воқеа билан боғлиқ эмас.

Мавзуга оид