17 январ куни Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев Солиқ кодексига киритилган ўзгаришлар юзасидан матбуот анжумани ўтказди.
Анжуманда Аrtel, “Ўзбекистон темир йўллари” ва Uzbekistan Аirways каби йирик компанияларга солиқ имтиёзлари берилгани натижасида давлат бюджетига тушмаётган маблағлар кимнинг елкасига тушаётгани, уларга нега мол-мулк солиғидан имтиёзлар берилгани ва уларнинг балансида қанча мол-мулк борлиги ҳақида савол берилди. Аммо Солиқ қўмитаси раисининг берган жавоби журналистни қаноатлантирмади, у ижтимоий тармоқлардан “Artel корхоналар тизимининг шохи борми?” деган савол келиб тушаётганини айтди.
Қудбиев корхоналарнинг мол-мулки тўғрисидаги маълумотлар солиқ сири ҳисобланиши, берилган имтиёзлар “ҳеч кимнинг елкасига тушмаётгани” ва улар соҳани ривожлантириш учун берилишини билдириб, бу жавоби журналистни қониқтирмаса, бу унинг иши эканини айтди. ДСҚ раиси савол берган журналистни “ёш қизча” деб атаб, унга халқ номидан гапиришга ҳаққи йўқлигини уқтирди. Ваҳоланки, журналист “халқдан тушган савол” деганда “одамлар йўллаётган савол” маъносида гапирганини англаш қийин эмасди. Натижада Қудбиевнинг жавоби қўполлик сифатида қабул қилиниб, танқидларга сабаб бўлди.
Шундан сўнг, Artel компанияси эътирознома шаклида расмий муносабат билан чиқди.
Баёнотда компания таркибидаги корхоналарда ходимлар сони 10 мингдан ортиқ экани айтилиб, компания тўлаган солиқлар ва экспорт миқдори келтириб ўтилган.
“2022 йилдаги солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар натижасида Artel компанияси учун мол-мулк солиқ ҳисоблаш базаси 2,1 баробарга ортди.
Электротехника соҳасини ривожлантириш учун “Ўзелтехсаноат” таркибига кирувчи ва электротехника саноатининг барча ишлаб чиқарувчилари муайян солиқ имтиёзларига эга. Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.03.2021 йилдаги ПҚ-5011-сонли қарорида кўрсатилган имтиёзлардан Artel компанияси “Ўзелтехсаноат” таркибига кирувчи 100 дан ортиқ корхоналар билан тенг ҳуқуқда фойдаланади. Яъни Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида Artel компанияси учун махсус ёки алоҳида тартибда имтиёзлар берилмаган”,
















