Рўй берган ҳодиса ҳақида биринчи бўлиб ҳайвонот боғининг хавфсизлик бўлими ходими хабар топган. У аёл кишининг чинқириқ овозини эшитган ва овоз келган томонга қараб югурган.

“Тушлик пайти ошхонадан қайтишда айиқлар сақланадиган бўлимдан шерлар сақланадиган вольерга етганимда, орқа тарафдан аёл кишининг қаттиқ овозда чинқиргани эшитилди. Тезда орқага қайтиб, овоз келган тарафга югурдим. Йўлда 10 яшар атрофидаги ўғил бола чиқиб айиқларнинг вольерига ёш бола тушиб кетгани ҳақида хабар берди. Мен зудлик билан Йиртқичлар бўлими мудирига телефон қилдим”, дейди Тошкент ҳайвонот боғи хавфсизлик бўлими бошлиғи ўринбосари Эргаш Маматов.

Эргаш Маматов, ҳайвонот боғи хавфсизлик хизмати ходими
Воқеа қаҳрамонига айланган Зузу лақабли айиқ

“3-4 ёшлар атрофидаги қизча айиқлар сақланадиган вольерга тушиб кетгани ҳақида хабар берилгандан сўнг зудлик билан воқеа жойига етиб келдик. Ходимларимиз иккига бўлиниб, уларнинг бир қисми айиқни қафасига киритиш билан шуғулланишган бўлса, қолганлар вольер ҳовузига тушиб кетган қизчани олиб чиқишга ҳаракат қилишди.

Тахминан 2-2,5 дақиқалар ичида айиқни ички қафасига киритишга муваффақ бўлдик. Биз вольер ҳовузига тушгунимизча бола ўрнидан турди. Қизчанинг боши ёрилганди. Уни тезда ҳайвонот боғи ҳамширасининг хонасига олиб чиқдик. Биринчи ёрдам кўрсатилгунга қадар тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари етиб келишди ва болани шифохонага олиб кетишди.

Нодир Баҳромов, ҳайвонот боғининг Йиртқичлар бўлими мудири

Тез ёрдам ходимлари етиб келганда қизалоқ ҳақидаги маълумотлар керак бўлди. Шундан сўнг унинг ота-онасини қидирганимизда бир аёл 6-7 ёш атрофидаги ўғли билан келиб, онасилигини айтди. Шу пайтда аёлнинг кўзида қайғу ёки бошқа нарса кўринмади. Ундан қизча қанақа қилиб пастга тушиб кетганини сўраганимизда у ўғли билан овора бўлиб, қизи пастга тушиб кетганини кўрмай қолганини айтди”, дейди Нодир Баҳромов.