2021 йили тазйиққа учраган 39 343 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Бу маълумот Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 7 март куни бўлиб ўтган мажлисида очиқланди.
Мажлисда оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги, бундай масалалар маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилаётгани танқид қилинди.
Таъкидланишича, оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмагани оқибатида ўтган йили 14 935 та ҳуқуқбузарлик содир этилган. Уларнинг қарийб 60 фоизи, яъни 8 589 таси Тошкент шаҳри, Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.
Оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмасдан келинаётганлиги оқибатида 2021 йилда 9 759 нафар хотин-қиз томонидан 9 053 та жиноят содир этилган.
Мажлисда вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг сони айрим ҳудудларда юқорилигича қолаётгани, ушбу турдаги жиноятларнинг 65,2 фоизи атиги 4 та ҳудуд – Фарғона, Тошкент, Наманган ва Бухоро вилоятлари ҳиссасига тўғри келиши маълум қилинди.
Аввалроқ, ИИВ мулозими Kun.uz’га берган интервьюсида 2020 йилда оилаларда ўтказилган суҳбатлар орқали зўравонликдан жабрланган ва тазйиққа учраган 14 774 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери расмийлаштирилиб, уларнинг ҳуқуқлари ИИВ томонидан ҳимояга олинганини айтганди. 2021 йилда берилган ҳимоя ордерлари сони 2020 йилдагидан 1,5 баробардан ҳам кўпроққа ўсган.
Аввалроқ, ИИВ 2021 йилнинг дастлабки 6 ойида аёлларга зўравонлик ҳолатлари кескин ошгани, натижада республика бўйича 20 минг 387 та ҳимоя ордери расмийлаштирилгани, бу 2020 йилнинг шу даври билан солиштирилганда қарийб 6 баробарга кўп эканини очиқлаганди. Маълумот учун: 2020 йилнинг дастлабки 7 ойида республика бўйича 3 592 нафар хотин-қизга ҳимоя ордерлари расмийлаштириб берилган.
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг ҳар олтинчиси оилавий келишмовчиликлар боис содир этилади














