Ҳафтанинг асосий янгиликларидан бири – янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларининг кутилмаганда тасдиқланиши бўлди. Бу бўйича жамоатчилик муҳокамаси бўлмаганини бироз ортга сурган ҳолда, қоидалардаги асосий янгиликларга тўхталсак.

1 майдан кучга кирадиган қоидаларга асосан, нафақат ҳайдовчи, балки олд ўриндиқда ўтирган йўловчи ҳам хавфсизлик камарини тақиши мажбурий бўлди. Гарчи кўпчиликка ёқмаган бўлса-да, қачондир бу ўзгариш киритилиши керак эди. Ахир хавфсизлик камарининг фойдали эканини инкор қилиб бўлмайди. Шундай экан, ундан фойдаланиш ҳайдовчи учун мажбурий бўлиб, у билан тенг даражадаги хавф даражасида турадиган олд ўриндиқдаги йўловчилар учун ихтиёрий бўлиши мантиққа зид.

Хавфсизлик камари бўйича бошқа ўзгаришлар ҳам бор. Эндиликда ҳайдовчи орқага ҳаракатланаётганда ҳам камарни тақиши шарт. Йўналишли такси, халқ тилида айтганда “маршрутка” ҳайдовчилари ҳам камардан фойдаланиши мажбурий бўлди. Ҳомиладор аёллар истисно экани ҳақидаги қоида сақланиб қолди. Саломатлиги хавфсизлик камарини тақиш имконини бермайдиган шахслар эса рулга ўтириши ёки олд ўриндиқда кетиши учун ёнида тиббий маълумотнома олиб юриши керак бўлади.

Аҳоли пунктларида ҳаракатланиш тезлиги 70 км/соатгача деган қоида сақланиб қолди. Шу билан бирга, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича Республика комиссияси йирик шаҳарларнинг энг гавжум ҳудудларида тезликни 60 км/соатгача чеклаши мумкинлиги белгиланди. Тегишли белгилар ўрнатилган бўлса, мактаб ва боғчалар атрофидаги йўлларда 300 метргача масофада тезликни 30 км/соатдан ошириш тақиқланди. Маҳаллалар ичида эса 20 км/соатдан ошиқ ҳаракатланиш мумкин эмас.

Энди юк машиналари, айрим истиснолардан ташқари, йўлнинг энг четки ўнг қисмидан ҳаракатланиши шарт. Енгил автомобилда юк ташишда, масалан қурилиш материаллари олиб кетаётганда эҳтиёт бўлган маъқул: агар юк машинанинг габаритидан ярим метрдан ортиқ узунликда чиқиб турса, жаримага сабаб бўлади. Юкнинг баландлиги машинанинг томидаги багаждан бошлаб 1 метрдан ошиб кетмаслиги керак.

Ўзгаришлардан яна бири: агар светофор ишламаётган бўлса, ҳайдовчи перпендикуляр тарафдаги светофор ҳам ишламаётганига ишонч ҳосил қилиши зарур. Кучли ёғингарчилик шароитида чироқ ёқиб ҳаракатланиш шарт этиб белгиланди. Қайрилиб олиш жойларидан олдин ва кейин 30 метр масофада, пиёдалар ўтиш жойларидан олдин ва кейин 10 метр масофада тўхташ тақиқланди. Йўлларда тезликни пасайтириш учун сунъий нотекисликларни рухсатсиз ўрнатиш ман этилди. Қоидаларда яна кўплаб бошқа ўзгаришлар ҳам бор.

Шу ҳафта йўл ҳаракати қоидаларидан ташқари ҳайдовчиларга оид яна иккита қарор қабул қилинди. Улардан бирига кўра, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва техпаспортни алмаштириш муддати, кутилганидек, яна