Ўзбекистондаги сиёсий партияларнинг парламентдаги фракциялари бир нечта кодексларга ўзгартиришлар киритиш бўйича ҳукумат киритган қонун лойиҳасини кўриб чиқди.
Лойиҳадаги бандлардан бирида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хизмат вазифаларини бажараётган чоғда олинган фото ва видеотасвирларини уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида интернетга жойлаштириш 50 БҲМ жарима ёки 15 сутка маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатилган.
Шу ва бошқа сабаблар туфайли ЎзЛиДеП, “Адолат” ва Халқ демократик партиялари ўз фракция йиғилишларида лойиҳага қарши чиққан. Улар буни очиқлик тамойилларига зид деб ҳисоблашмоқда.
Kun.uz'даги маълумотга кўра, “Миллий тикланиш” фракциясида қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан маъқулланган ва ялпи мажлисга киритишга қарор қилинган. Фақатгина Экологик партия йиғилишида бу масалада якдилликка эришилмаган: партиянинг айрим аъзолари лойиҳани қўллаб-қувватлаган бўлса, айримлари қаршилик билдирган.
Айни ҳолатда қонун лойиҳаси эртага, 30 май куни бўлиб ўтадиган Қонунчилик палатаси ялпи мажлиси кун тартибига киритилиши ноаниқ бўлиб қолмоқда. Kun.uz суҳбатлашган қатор депутатлар эртага бу масала кўрилиши эҳтимоли камлигини билдирди. Суҳбатдошлардан бири, шунингдек, эртанги йиғилиш бир неча ойлик танаффусдан кейин илк марта жонли эфирга узатилишига ишора қилди.
Ёпиқ қарордан “ўсиб чиққан” ташаббуслар
Kun.uz ихтиёридаги қонун лойиҳасига кўра, ҳукумат юқорида таърифланган янгича жавобгарлик турини МЖтКга 195-5-модда сифатида қўшишни таклиф қилмоқда.
Лойиҳада бу бандга асос сифатида 2022 йил 8 февралдаги, ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишга оид 118-сонли президент қарори кўрсатилган.
Бу қарор жамоатчиликка эълон қилинмаган бўлиб, унинг 4-бандида: “ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида олинган видео ва фототасвирларни уларнинг рухсатисиз тўғридан тўғри интернет тармоғига жойлаштиришни тақиқлаш ҳамда бундай хатти-ҳаракат учун жавобгарликни белгилаш бўйича таклифлар киритиш” вазифаси белгиланган.
Март ойида Ички ишлар вазирлиги шу бандни йўл-патрул хизмати ходимларига нисбатан татбиқ этишга















