18:53 / 09.06.2022
24227

Жиззахда “Афросиёб” тезюрар поезди икки нафар болани уриб юборди

2007 йилда туғилган болалардан бири вафот этган, иккинчиси жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Фото: Wikipedia

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 24 май куни Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ҳудудида темирйўлда одам ўлими билан боғлиқ ҳодиса содир бўлган.

Тошкент – Самарқанд йўналишида соатига 190 километр тезликда ҳаракатланаётган “Афросиёб” тезюрар поезди Ғаллаорол тумани ҳудудидан ўтган темир йўлнинг 3652- километрида 2 нафар вояга етмаган болани уриб юборган.

Маржонбулоқ шаҳарчасидаги 73-мактабнинг 8-синф ўқувчилари бўлган жабрланувчилар зудлик билан шифохонага ётқизилган. Аммо шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамасдан улардан бири вафот этган. Иккинчиси жонлантириш бўлимида қолмоқда.

Аввалроқ Тошкент вилоятида поезд бир кунда икки кишини уриб юборгани ҳақида хабар берилганди.

Top