Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг жамоатчилик кенгаши йиғилишида бу таклифни ўртага ташлаган Бекмуродов вазирликдан сўровномалар орқали давлат ташкилотларида меҳнат унумдорлигини баҳолаб чиқишни сўради.

Йиғилишда Давлат бошқаруви академияси ректори бутун дунё, жумладан, Буюк Британия ҳам тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиш бўйича тадқиқот ўтказгани, шу сабабли Ўзбекистонда ҳам иш режими ва меҳнат унумдорлиги масаласида илмий-тадқиқот ишлари ўтказилиши кераклигини таъкидлади.

“Биз эса ҳали якшанба куни [дам олишга] курашиб, эриша олмаяпмиз. Шунинг учун бир яхшилаб ўйлаб кўришимиз керак. [Ҳафтасига] етти кун ишлаганимиздан кейин, саккизинчи кундаги меҳнат унумдорлиги жумага нисбатан қанчага тушиб кетади? Буни олимлар ҳисобласа бўлади. Ҳеч бўлмаса [шу масала] бир кун кўтарилган пайтда: “Мана, бу борада тадқиқот бор, 4 кунлик иш режимига ўтсак, бизда меҳнат унумдорлиги бунақа бўлади”, деб айта оламиз.

Оддий битта мисол: Марказий давлат бошқарув органлари билан уларнинг ҳудудий бошқармалари ўртасида беш юздан ортиқ бир-бирини такрорлайдиган функционал вазифалар бор. Ўша ишни кимдир қилиши керак, лекин битта ишни учта даражада қиладиганлар бор. Шунинг учун меҳнат унумдорлиги 8 соатда давлат идораси ходими учун қанақа интенсив бўлиши керак ва шундан келиб чиқиб, уни хронометраж қилиш керак.

Масалан, бир кунда у нима иш қиляпти? Бу саволни кўтарсак, дарров бизга эътирозлар бўладики, ўзи ўтирган одамларнинг фойдаси борми? Биз фойдаси бор ёки йўқлигини баҳолашимиз керак, бунинг учун эса аввал илмий тадқиқот ўтказилиши керак”, – деди академия ректори.

Бекмуродовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда 120 мингга яқин давлат хизматчиси бор. Охирги 5 йилда давлат идоралари сони 2 баробарга, меҳнат интенсивлиги эса 4,5–5 баробарга ошган.

“Ўтган йили 97 мингга яқин давлат хизматчиси, яъни давлат бошқаруви органларининг турли даражадаги раҳбар-кадрлари академиямизда ўқиди. Жорий йилнинг 6 ойи давомида эса 52 минг кишини ўқитдик. Уларнинг аксариятига дарсга ўзим кираман-да, доим кўзларига қараб баҳо бераман: улардаги меҳнат унумдорлигини оширишнинг биринчи драйвери – иш режимини оптималлаштириш.